Ўзбекистон | 14:33 / 19.08.2020
6236
2 дақиқада ўқилади

«Кореяга ишга жўнатишни ташкил этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда» – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов АОКАда бўлиб ўтган брифингда фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Фото : KUN.UZ

Жумладан, мурожаатлардан бирида фуқаро Корея Республикасида ишлаш учун саралаш жараёнининг барча босқичларидан ўтгани ва иш берувчи ташкилот томонидан шартнома олганини айтиб, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Корея Республикасига қачон жўнаб кетишим мумкинлиги ҳақида сўраган.

«Бугунги пандемия даврида бутун дунё аҳолиси қийин кунларни бошдан кечирмоқда, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида юзага келаётган турли муаммолар сабабли ишсизлик даражаси ошмоқда. Шунингдек, давлатлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, халқаро қатновлар ҳам бекор қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, меҳнат таътили олиб келган ва шартнома лойиҳаси келган фуқароларнинг Жанубий Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетиш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.

Фурсатдан фойдаланиб, Корея Республикасига ишга кетиш истагидаги юртдошларимиздан шу соҳада таниш-билиши борлиги, маълум тўловлар эвазига ишга жўнатиш ёки бу жараённи тезлаштириб беришни ваъда қилаётган турли фирибгарларга ишонмасликни сўраймиз.

Ҳозирги вақтда юртдошларимизни Корея Республикасига ишга жўнатишни ташкил этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Музокаралар натижаси ҳақида расмий ахборот берилади», - деди Ортиқхўжа Норов.

Брифингда Корея Республикасига Ўзбекистон фуқароларининг кириши қачон бошланиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб кетгач, Корея томонидан Ўзбекистон фуқароларининг самолёт бортига чиқарилиши вақтинча тўхтатилди. Ўзбекистондаги пандемия ҳолати кореяликлар томонидан мунтазам кузатиб борилмоқда ва ушбу ҳолат ижобий томонга ўзгаргач, янгилик бўлиши кутилмоқда», - деди саволга жавобан агентлик ахборот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид