Жамият | 18:49 / 19.08.2020
973
2 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида гидлар фаолияти тартибини ишлаб чиқиш муҳокама қилинади

20-25 август кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризмни ривожлантириш институти ва Бутунжаҳон сайёҳлик гидлар ассоциациялари федерацияси ҳамкорлигида «Дўстлик кўприги. Гид 2020: янги имкониятлар ва истиқболлар» онлайн-марафони ўтказилади. Институт бўлим бошлиғи Зарина Валиеванинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, мазкур тадбир гидларнинг келгуси фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга.

«Пандемия гидлар учун мураккаб келди. Улар ишсиз қолишди. Лекин олдинда юксак марралар бор. Ўтказилаётган марафонда, аввало пандемия шароитида гидларнинг фаолият олиб бориш тартибини ишлаб чиқиш мақсад қилинган. Бу борада 20дан ортиқ давлатдан қатнашаётган мутахассислар ўз тажрибалари ҳақида мулоқот қилишади.

Бугун мураккаб даврда яшамоқдамиз. Сайёҳлик ташкилотлари фаолияти бир муддат тўхтаб қолди. Аммо яқин орада барчаси изига тушишига ишонч билдирилмоқда. Шундай шароитда сайёҳлар билан ишлашда гидлар эътибор қаратиши керак бўлган муҳим жиҳатлар аниқлаб олинади. Шунингдек, туризмга оид янги технологиялар, стартап лойиҳалар, ишлаб чиқилган иловалар тўғрисида тажриба алмашинади.

Онлайн марафонда иштирокчи давлатлар вакиллари ўз ҳудудидаги вазият, гидлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тақдимотлар қилишади. Ҳозир Ўзбекистонда 2200та гид расмий фаолият юритмоқда. Тадбирда иштирок этаётган ўзбек гидлари нафақат дунё тажрибаси ҳақида маълумотга эга бўлади, балки ҳамкорлар топиш, дунёнинг турли мамлакатларида малака ошириш имкониятларига ҳам эга бўлишади», дейди Зарина Валиева

Марафонда 25га яқин давлатдан 1000дан ортиқ иштирокчи қатнашади. Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Украина, Озарбойжон, Арманистон, Буюк Британия, Австрия, Испания, Италия, Франция, Сербия, Туркия, Исроил, Эрон, Канада, Япония, Бельгия, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Хитой мамлакатлари мутахассислари иштирок этиши белгиланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид