Ўзбекистон | 07:26 / 20.08.2020
18517
7 дақиқада ўқилади

Аҳолига кўрсатиладиган маиший хизмат тоифасига кирувчи фаолият турлари рўйхати маълум қилинди

Ўзбекистонда маиший хизмат кўрсатиш соҳасида фаолиятни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида маиший хизмат кўрсатиш соҳасида фаолиятни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш қоидалари;

Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган маиший хизмат тоифасига кирувчи фаолият турлари рўйхати тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган маиший хизмат тоифасига кирувчи фаолият турлари рўйхати:

1. Пойабзал таъмирлаш, бўяш ва тикиш – буюртмачининг (истеъмолчининг) пойабзалини таъмирлаш ва қайта тиклаш, шу жумладан санитар-гигиена талабларига мувофиқ қайта ишлаш, шунингдек буюртмачи талабларига мувофиқ янги пойабзал тайёрлаш бўйича комплекс амаллар.

2. Тикув, мўйна, чарм ва трикотаж буюмларни, бош кийимларни ва тўқимачилик галантереяси буюмларини таъмирлаш ва тикиш – буюртмачилар талабларига мувофиқ турли материаллардан янги буюмлар тикиш ҳамда илгари фойдаланишда бўлган буюмларни таъмирлаш бўйича комплекс амаллар;

3. Радиоэлектрон аппаратлар ҳамда электр машина ва ускуналарни таъмирлаш – радиоэлектрон аппаратлар ҳамда электр машина ва ускуналарни ишлаш қобилиятини тиклаш бўйича комплекс амаллар.

4. Радиоэлектрон аппаратлар ҳамда электр машина ва ускуналарга техник хизмат кўрсатиш – радиоэлектрон аппаратлар ҳамда электр машина ва ускуналардан мақсадли фойдаланиш учун уларни тегишли техник ҳолатда сақлаш бўйича комплекс амаллар.

5. Радиоэлектрон аппаратлар ҳамда электр машина ва ускуналарни ўрнатиш – радиоэлектрон аппаратлар ҳамда электр машина ва ускуналарни эксплуатацияга тайёрлаш билан боғлиқ бўлган комплекс чора-тадбирлар ва амаллар.

6. Ускунанинг ишга яроқлилигини техник экспертизадан ўтказиш – ускунанинг келгусида таъмирлашга ҳамда ундан фойдаланишга яроқлилигини ва/ёки унинг ишламаслиги, тўхтаб қолиши, нуқсонлар ва шикастланишларни юзага келиши сабабларини аниқлаш мақсадида ускунанинг техник ҳолатини баҳолаш.

7. Металл буюмларни (металл конструкцияларни) ремонт қилиш ва тайёрлаш бўйича хизматлар – ижрочиларнинг металл буюмлар носозликларини бартараф этиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш ёки металлдан буюм тайёрлашга йўналтирилган фаолияти натижалари.

8. Заргарлик буюмларини таъмирлаш ва тайёрлаш – заргарлик буюмлари тайёрлаш ва таъмирлаш ҳамда зебу-зийнат тайёрланадиган тошлар ва уларни қотирувчиларини қайта ишлашни ўз ичига оладиган комплекс амаллар.

9. Мебель тайёрлаш, реставрация қилиш ва таъмирлаш – юмшоқ, тўқилган, корпусли, секцияли, ошхона, таркибий қисмларга эга, дала ҳовли, болалар ва бошқа мебелларни тайёрлаш, реставрация қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, бўёқлаш ва бошқа ишлар бўйича комплекс амаллар.

10. Кимёвий тозалаш ва бўяш – турли эритгичлар таъсирида буюмлардан доғларни йўқотиш учун ишлатиладиган, шунингдек, антистатик зарарлантириш, намликка қарши модда ва буюмга чирой берувчи воситалар билан тўйинтириш, дазмоллаш, чўзиш, тараш ва бўяш, шунингдек буюм рангини қайта тиклаш ёки уни ўзгартириш бўйича комплекс амаллар.

11. Кирларни ювиш хизмати – ижрочиларнинг кийим, чойшаб, махсус кийимларни ювиш, қуритиш ва дазмоллаш, шунингдек ҳидларни йўқ қилиш, дезинфекциялаш бўйича комплекс амаллар.

12. Уй-жой ва бошқа биноларни таъмирлаш ва қуриш – индивидуал уйлар қуриш, уй-жой, боғ-ҳовли, хўжалик бинолари, ҳаммом, гараж, ертўла, печка ва бошқаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек, том ёпиш, ойна ўрнатиш, монтаж ишлари, плита териш, пардоз ишлари, дурадгорлик, штукатурка, электр монтаж, бўёқчилик ишлари, тош билан ишлаш, ғишт териш ва бошқалар бўйича комплекс амаллар.

13. Транспорт воситалари, машина ва ускуналарга техник хизмат кўрсатиш –транспорт воситаси, машина ва ускуналарни мақсадли тарзда ишлатиш, кутиш, сақлаш ва кўчиришда уларнинг ишлаш қобилиятини ёки соз ҳолда сақлаш бўйича комплекс амаллар.

14. Расмхона, расм чиқариш лабораторияси (фотохизмат) хизматлари –истеъмолчининг (буюртмачиларнинг) расм туширишга, фото пленкаларни кимёвий қайта ишлашга, расмларни расм қоғозида ва буюмларда чоп этишга бўлган индивидуал эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолият.

15. Кино хизматлари – истеъмолчининг кинони тасвирга олиш, тайёр маҳсулотни электрон шаклда ёки киноплёнкада буюртмачига юбориш билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолият.

16. Ҳаммом-соғломлаштириш мажмуалари хизмати – истеъмолчининг гигиеник ва соғломлаштириш билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолият.

17. Сартарош хизмати – истеъмолчининг эстетик ва гигиеник эҳтиёжларини қондириш қаратилган фаолият.

18. Юз ва тана терисини парваришлаш хизмати (косметика хизмати) – истеъмолчининг юз ва танаси, қош ва киприкларига уни ёшартириш мақсадида жисмоний ва кимёвий таъсир этиш, шунингдек истеъмолчининг эстетик эҳтиёжларини қондириш мақсадида декоратив косметикадан фойдаланган ҳолда юзга оро бериш.

19. Қўл ва оёқ тирноқлари ва терисини парваришлаш хизмати – истеъмолчининг қўл ҳамда оёқ тирноқлари ва терисига уларни соғломлаштириш ва истеъмолчи эстетик эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳимоялаш учун кимёвий таъсир этиш.

20. Постижерлик хизмати – мижознинг индивидуал буюртмаси асосида парик, ясама мўйлов, соқол, бакенбард, қопламалар, улама сочлар, соч улаш учун мослама ва соч учун безаклар тайёрлаш ва таъмирлаш.

21. СПА хизмати - юқори қулайликда ва СПА технологияси асосида кўрсатиладиган умумсоғломлаштириш, косметик ва/ёки ҳордиқ чиқариш хизматлари.

22. Косметик татуаж - инсон терисига пигментларни киритиш орқали мижознинг эстетик эҳтиёжларини қондириш бўйича косметик характердаги хизматлар.  

23. Прокат – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи қонун билан тақиқланмаган кўчар ва кўчмас мулкни жисмоний шахсларга вақтинчалик эгалик қилишга ва фойдаланишга, мулк ижараси принциплари асосида тақдим этиш бўйича комплекс амаллар.

24. Диний маросим хизматлари – дафн этиш, кремация, дафн этишдан олдинги тайёрлаш ишлари, дафн этиш маросимини ташкил этиш, дафн этиш билан боғлиқ предметларни (қабр тоши, ҳайкаллар ва бошқалар) тайёрлаш бўйича комплекс амаллар.

25. Тозалаш бўйича хизматлар – жисмоний шахслар буюртмалари бўйича бино, иншоот, ҳудудларни тозалаш, юзаларни тиклаш, дезинфекция ва дезинсекция қилиш бўйича ташкилий комплекс чора-тадбирлар ва технологик жараёнлар.

26. Уй хўжалигини юритиш бўйича хизматлар - истеъмолчининг уй хўжалигини юритиш бўйича хизматларга бўлган эҳтиёжини ижрочи томонидан қондиришга доир фаолият.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид