Чиноздаги кластердан иш ҳақини ололмаётган аёлларга 69,5 млн сўм тўлаб берилди – вазирлик
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 18 август куни daryo.uz сайтида эълон қилинган Чиноздаги пахта кластери дала майдонларида меҳнат қилган фарғоналик бир неча аёлнинг ойлик иш ҳақи берилмаётгани тўғрисидаги хабар юзасидан вазирлик муносабатини билдирди.
«Мазкур хабарда келтириб ўтилганидек, Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи бир гуруҳ хотин-қизлар жорий йилнинг май ойидан бошлаб Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Textile Technologies Group компанияси муассислигидаги APK Chinoz пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери дала майдонларида оғзаки шартнома асосида иш бошлаган.
Шу йилнинг 5 августида ишчи хотин-қизлар томонидан белгиланган ишлар бажариб бўлинган бўлса-да, APK Chinoz пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери раҳбарияти томонидан ўзаро оғзаки келишилган иш ҳақи тўланмай келинаётгани маълум қилинган.
Чиноз тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ вакиллари мазкур вазиятни шу куннинг ўзида жойига чиққан ҳолда атрофлича ўрганиб чиқди ҳамда мавжуд муаммога ижобий ечим топилди.
Жорий йилнинг 18 август куни APK Chinoz унитар корхонаси томонидан фарғоналик 15 нафар ишчи хотин-қизларга жами 69 млн 550 минг сўм иш ҳақи тўлаб берилди.
Шу ўринда юртдошларимиздан жисмоний ва юридик шахслар билан меҳнат муносабатлари ўрнатишдан олдин юртимиздаги меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этишни, ўзаро келишув шартларини қонунчилик асосида ёзма шаклда тузишларини сўраб қоламиз.
Қўшимча сифатида шуни маълум қиламизки, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ўз ваколати доирасида ҳамда республикамиздаги мавжуд қонунчилик меъёрлари асосида юртимиздаги хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида барча зарур чораларни кўради», деди Саодат Боймирзаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Мавзуга оид
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
19:46 / 30.09.2024
Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади
12:38 / 27.09.2024
Қашқадарёда пахта хариди бўйича рақобат чекланмоқда
18:17 / 20.09.2024