Жанубий Корея разведкаси: Ким Чен Ин ваколатларининг бир қисмини синглисига берди
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ваколатларининг бир қисмини кенжа синглиси Ким Ё Чжонга берди, деб таъкидламоқда Жанубий Корея разведкаси.
Ҳокимият Ким Чен Ин қўлида қолган, аммо унинг стресс даражасини пасайтириш мақсадида, давлат сиёсатининг баъзи жиҳатлари яқинлари зиммасига юклатилган.
«КХДР етакчиси ҳокимиятни қўлида тўлиқ сақлаб қолади, аммо ваколатларининг бир қисми бошқаларга берилади», - деб разведкачилар хулосасини келтирмоқда BBC.
Ким Ё Чжон бундан буён Пхеньяннинг АҚШ ва Жанубий Корея билан муносабатларига масъул бўлади. Бу эса унинг мамлакатдаги иккинчи шахсга айланганини англатмоқда.
Қайд қилиш жоизки, Жанубий Корея разведкасининг бундан олдинги баъзи хулосалари ўз тасдиғини топмаган. NKNews портали эса бу сафарги хулосага қўшилмаяпти ва август ойида Ким Чен Иннинг синглиси 2та муҳим йиғилишни ўтказиб юборгани учун, унинг лавозими пасайтирилган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Ким Ё Чжон ким?
Ким Ё Чжон – Ким Чен Иннинг кенжа синглиси, бошқа оила аъзоларига нисбатан унга яқинроқ ҳисобланади. У 1987 йилда туғилган ва Ким Чен Индан 4 ёш кичик. Иккаласи ҳам кейинчалик Швейцарияда бирга ўқишган.
Ким Ё Чжон 2018 йилда халқаро матбуот назарига тушди. У Ким оиласининг Жанубий Кореяга ташриф буюрган илк вакили бўлди.
У Қишки Олимпиада ўйинларида шимолликлар делегацияси таркибига киритилди. Олимпиадада Шимолий ва Жанубий Корея спортчилари ягона жамоа сифатида иштирок этишган эди.
Шунингдек, у халқаро саммитларда ҳам акасининг ёнида бўлди. Жумладан, Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Дональд Трамп билан бўлган учрашувларда иштирок этди.
BBC нашрининг Сеулдаги мухбири Лора Бикер фикрига кўра, Ким Ё Чжон карьерасининг юқорилаб бораётганига шубҳа йўқ.
У ўзининг илк оммавий баёнотини шу йилнинг март ойида берган ва Жанубий Кореяни кескин танқид қилган эди. Шунингдек, ўзига «олий етакчи, партия ва ҳукумат» томонидан ваколат берилганини таъкидлаганди.
У Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасидаги иккинчи саммит шу йили ўтказилиши мумкинлигини, КХДР эса АҚШ учун ҳеч қандай таҳдид эмаслигини айтганди.
Баъзи экспертлар фикрига кўра, бу сўзлар Пхеньяннинг АҚШ ва Жанубий Корея билан муносабатларига айнан Ким Ё Чжон масъул бўлганига ишора қилади.
Аммо, бу унинг Шимолий Кореянинг кейинги раҳбари бўлишини англатмайди. КХДР ички ва ташқи сиёсатининг баъзи муҳим жиҳатлари бўйича масъулият раҳбариятнинг бошқа аъзоларига ҳам юклатилган.
Жанубий Корея разведкаси хулосасига ишонч билдирса бўладими?
Шимолий Корея – дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири. Жанубий Корея разведкаси эса бу мамлакатда юз бераётган воқеалар бўйича кўплаб маълумотларга эга. Аммо ўтмишда идора жиддий хатоларга ҳам йўл қўйган.
Масалан, 2016 йилда Жанубий Корея матбуоти разведка маълумотларига таянган ҳолда, КХДР бош штаби раҳбари Ли Ён Гиль қатл этилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, 3 ой ўтгач, Жанубий Корея ҳукумати унинг тирик эканини маълум қилди.
Мавзуга оид
19:12 / 15.11.2024
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
22:13 / 31.10.2024
Украина Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича ХЖСга мурожаат қилади
21:26 / 29.10.2024
КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг хавфсизлиги кучайтирилди – ОАВ
19:43 / 22.10.2024