08:09 / 20.08.2020
2673

Johnson & Johnson 6,5 миллиард долларга биотехнологик компанияни сотиб олди

Johnson & Johnson 19 августда АҚШнинг Momenta Pharmaceuticals биотехнологик компаниясини сотиб олганини эълон қилди. Харид қиймати 6,5 млрд долларни ташкил қилади.  

Johnson & Johnson биотехнологик компаниянинг ҳар бир акцияси учун 52,5 доллар тўлайди. Ушбу қиймат компаниянинг 18 августдаги савдолар ёпилиши вақтидаги акциялари нархига нисбатан 70 фоиз кўпроқни ташкил қилади. 

Momenta аутоиммун касалликларни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2019 йилда компания 23,9 млрд доллар тушум олгани ва 290 млн доллар зарар кўргани ҳақида ҳисобот берган. 
        
Пандемия бошлангандан кейин биотехнологик компанияларга қизиқиш ортган. Dealogic маълумотларига кўра, йил бошида бундай компаниялар IPO давомида 9,4 млрд доллар жалб қилишга муваффақ бўлган. Бу эса ҳозирдаёқ биотехнологик компаниялар учун IPO суммалари бўйича рекорд йил бўлган 2018 йилдаги кўрсаткичдан 1,5 баробар кўпроқни ташкил қилади. 

J&J Momenta’ни сотиб олиб, унинг ноёб аутоиммун касаллик – миастения грависни даволашга мўлжалланган Nipocalimab дори воситасини қўлга киритади. 

2019 йилда Merck компанияси 2,7 млрд долларга саратонга қарши дори воситалари ишлаб чиқарувчи ArQule’ни, Sanofi эса 2,5 млрд долларга Synthorx биотехнологик компаниясини сотиб олган. Жорий йилда эса Eli Lilly саратонга қарши воситалар ишлаб чиқарувчи Loxo Oncology’ни 8 млрд долларга, Pfizer эса саратонга қарши дори ишлаб чиқарувчи яна бир компания - Array’ни 10,6 млрд долларга харид қилган.

Top