Ўзбекистон | 23:24 / 20.08.2020
25601
8 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши кураш миллий кенгаши илк марта йиғилди: нималар муҳокама этилди?

20 август куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда турли йўналишларда сақланиб қолаётган коррупция ҳолатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг келгуси фаолият йўналишлари, буюрократик тўсиқларни бартараф қилиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Унда шунингдек, Миллий кенгаш низоми лойиҳаси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ва Миллий стратегия доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Танзила Норбоева: «СЭОМлардаги каби коррупция ҳолатлари халқимизнинг давлатга бўлган ишончи сўнишига олиб келиши мумкин»

Йиғилишни олиб борган Олий Мажлис Сенати ҳамда Миллий комиссия раиси Танзила Норбоевага кўра, давлат органларига бўлаётган кўплаб мурожаатлар ва турли йиғин ҳамда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар аҳолини коррупциядан жиддий азият чекаётганини билдиради.

«ОАВ орқали чоп этилган ахборот материаллари, аҳоли билан ташкил этилган турли учрашувлардаги фикрлар, ижтимоий тармоқлардаги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили халқимизнинг мамлакатдаги бир қанча соҳаларда давом этаётган коррупциядан азият чекаётганини кўрсатмоқда.

Бунга соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳаларини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Хусусан, айни вақтларда мамлакатимиздаги пандемия шароитида санитария-эпидемиология осойишталик марказлари халқимизга содиқ хизмат қилиш ўрнига айрим мансабдорлар томонидан жиноятга қўл урилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, Қашқадарёда вилоятида 917,8 млн, Навоий вилоятида 509,8 млн, Наманган вилоятида 248,9 млн, Бухоро вилоятида 202,5 млн, Андижон вилоятида 159,3 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Бундай ҳолатлар жуда кўп. Содир этиладиган бир-икки шундай ҳолатлар ҳам халқимизнинг давлатга бўлган ишончи сўнишига олиб келиши мумкин.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланганидир. Ҳали аниқланмаган ҳолатлар мавжуд эмаслигига ким кафолат бера олади?

Ушбу масалалар ҳали қиладиган ва ҳозирги вақтда олиб бораётган ишларимиз ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда», – деди у.

Танзила Норбоева мамлакатнинг халқаро рейтинглар, жумладан Transparency International индексидаги ўрнига тўхталди. Ўзбекистон бу рейтингда 2018 йили 180 та давлат орасида 158-ўринни, 2019 йилда 153-ўринни эгаллаган.

«2019 йилда 5 ўринга ижобий ўзгарган. Бироқ, бу биз учун етарли эмас. Мамлакатимиз мазкур индексда етакчи ўринларни банд қилиши керак.

Шу ўринда, коррупция соҳасидаги халқаро рейтинглар нима беради? деган табиий савол туғилади. Энг аввало, халқимизнинг фаровон турмуш даражасини, уларнинг ҳуқуқлари, кафолатларини, иқтисодиётни ривожлантириш ва бизнес учун қулай муҳит яратилишини таъминлайди. Шунингдек, мамлакат иқтисодиёти, олиб борилаётган ислоҳотларнинг барқарорлигини баҳолаш имконини беради.

Бу эса хорижий инвестицияларни жалб қилиш самарадорлигини оширади. Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имиджининг ошишига, унинг интеграциялашувига олиб келади», – деди Норбоева.

Акмал Бурхонов: «2021 йилдан бошлаб инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан аввал коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш тизими жорий қилинади»

Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентлик фаолиятини ташкил қилиш ва режадаги муҳим вазифалар юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, агентлик Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа идоралар билан бирга халқаро экспертларни жалб этган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги, «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади.

«Бу қонун лойиҳаларини эса шу йилнинг август ойига қадар президент администрациясига киритиш юклатилган», – деди Бурхонов.

Маълумотда айтилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз фаолиятида бир қатор хорижий давлатлар: Корея Республикаси, Сингапур ва МДҲ давлатлари тажрибасига таянмоқда.

«Биз фаолиятимизнининг биринчи кунидан бошлаб халқаро экспертларни яқин ҳамкор ва маслаҳатчи сифатида жалб қилдик. Масалан, жанубий кореялик эксперт бизда маслаҳатчи сифатида иш бошлади. Сингапурнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро эксперти ҳам ҳозир биз билан ишлаяпти. Бу борада бизга европалик экспертлар ҳам ёрдам беряпти.

Биз жамоамизга муносиб номзодларни саралаб олиш бўйича катта танлов ўтказдик. Шу ойнинг охирига қадар бу натижалар эълон қилинади ва биз ўз фаолиятимизни бошлаймиз», – деди Акмал Бурхонов.

Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан аввал коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш тизими жорий қилиниши кутилмоқда.

Бунда миллий инвестицион лойиҳалар ҳамда халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратилган грантлар доирасидаги маблағларнинг мақсадли сарфланиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ва доимий назорат қилиб борилади.

«Коррупцияга қарши курашишга жамоатчиликни жалб этиш фақатгина тарғибот ишлари эмас, балки фуқароларнинг корруция ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдириш ҳам муҳим ҳисобланади.

Бунинг учун коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи «E-Anticor.uz» махсус электрон платформасини ва мобил иловасини имкон қадар тезроқ ишга тушириш мақсадга мувофиқ.

Эътиборлиси – коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш механизмларини ҳам жорий этиш масаласини кўриб чиқишимиз лозим бўлади. Хориж тажрибасида бу тизим яхши самара берганини кўрдик», – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори.

Русланбек Давлетов: «Коррупциянинг энг катта душмани – очиқлик ва шаффофлик»

Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат органларида коррупцияни йўқотиш учун биринчи навбатда аниқ стандартлар ишлаб чиқилиши кераклиги борасида гапирди.

«Коррупциянинг энг катта душмани – очиқлик ва шаффофлик. Хўш, биз давлат органларида очиқлик ва шаффофлик бўйича қандай дастур бор, деган саволга жавоб бероламизми?

Бизда давлат органларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича дастур бор, лекин унинг ижросини мониторинг қилиш йўқ. Бу борада бизга ҳеч бир ташкилот ёки парламент аъзолари бирор нарса қилиб бергани йўқ.

Шу боисдан, Адлия вазирлиги бир таклиф билан чиқмоқда: давлат органларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун давлат дастури қилиб, ундаги стандартларни белгилаб олишимиз керак. Яъни давлат органлари қандай стандарт асосида ишлаши керак? Масалан, давлат харажатлари нуқтайи назаридан давлат органлари қайси маълумотларни очиқлаши керак?

Раҳбарларнинг хизмат сафарига қилинган харажатлари очиқланиши керакми ё йўқми? Тендерларда сотиб олинаётган маълумотлар очиқланиши керакми ё йўқми?

Амалдорларнинг товар моддий бойликлари ёки улар қандай автомашина ҳайдаётгани очиқланиши керакми ё йўқми?», – дея савол қўйди Давлетов.

У бу борада Сенат раиси Танзила Норбоевага мурожаат қилар экан, мана шу стандартлар ишлаб чиқилсагина давлат ташкилотлари аниқ режа асосида ишлай олишини таъкидлади.

«Булар учун албатта стандартлар бўлиши керак. Ўша стандартлар асосида кейин биз ишлаймиз», – деди Адлия вазири.

Йиғилишда бугунги кундаги энг муҳим соҳалар – соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди. Лойиҳани тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар тузиб олинди.

Мавзуга оид