Ўзбекистон | 08:22 / 20.08.2020
1623
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Уммон ишбилармонлар кенгаши таъсис этилади

Икки мамлакатнинг молиявий институтлари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мўлжалланмоқда.

2020 йилнинг 19 август куни Ўзбекистон ва Уммон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов ва Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазирининг дипломатик масалалар бўйича ўринбосари Шайх Халифа бин Али бин Исо ал-Ҳарисий раҳбарлик қилди.

ТИВ хабарига кўра, вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди доирасида Ўзбекистон-Уммон муносабатларининг ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналиши савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўлиб, уларнинг ҳозирги кўрсаткичлари томонларнинг мавжуд салоҳиятига мос келмайди. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Уммон транспорт йўлаги тўғрисидаги келишувларни амалга ошириш, Ўзбекистон-Уммон ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш, икки мамлакатнинг молиявий институтлари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Суҳбат чоғида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Илмий-тадқиқот ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ушбу йўналишдаги масалаларни тезкор ҳал этиш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид