Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аварияга учраган машиналар карвони тарғибот тадбири доирасида Ургут кўчаларидан олиб ўтилди
Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ургут туманида тарғибот тадбири ташкил этилди. Тадбирда Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи полковник Фарҳод Шайзоков ҳамда яна бир қатор соҳада хизмат қилаётган ходимлар қатнашди.
Ургутда ушбу тарғибот тадбирининг ўтказилиши бежиз эмас, туманда охирги икки кунда содир бўлган аянчли ЙТҲ оқибатида 5 нафар инсон ҳалок бўлди, яна бир неча киши турли даражада жароҳат олди.
Тарғибот тадбирида Фарҳод Шайзоков ургутлик ҳайдовчиларга мурожат қилиб, йўлларда эҳтиёт бўлиб ҳаракатланиш, тезликни оширмасликни, ота-оналардан эса ёш болаларнинг велосипедда катта кўчаларга чиқиб кетишини назорат қилишни сўради.
Фарҳод Шайзоков тадбирда қатнашаётган ҳайдовчилар ва аҳоли вакилларига Самарқанд вилоятида йил бошидан бери содир бўлган ЙТҲ ва уларнинг сабаблари, бундан ташқари Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ да ЙТҲ ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қилинаётган ишлар борасида ҳисобот берди.


Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 15 август кунидан буён Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимларига 285 та планшет тарқатилиб, ходимлаининг фуқаролар билан мулоқотини камайтириш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маъмурий баённомаларни планшетлар орқали расмийлаштириш жорий этилмоқда.
ИИБ ЙҲХБ бошлиғи берган маъулумотларга кўра, кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига ўрнатилган онлайн режимида ишловчи жами 22 та, шундан 14 та стационар, 7 та мобиль радарлар ёрдамида 41 768 қоидабузарликлар аниқланган. Бундан ташқари, вилоят йўлларида жами 321 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, оқибатда 127 киши ҳалок бўлган, 248 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.


Жумладан, йил бошидан бери биргина Ургут туманида 28 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, оқибатда 18 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 21 нафар фуқаро турли даражада тан жарохати олган.
«Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг 45 фоизи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Пиёдаларнинг светофор ишораларига, йўл белгиларига, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун таъқиқланган қатнов қисмида бўлиши ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслиги улар билан боғлиқ ЙТҲларга сабаб бўлмоқда», деди Шайзоков. Унинг маълум қилишича, Самарқанд вилояти ҳудудида содир бўлган ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларнинг 14 нафарини вояга етмаганлар, 18 нафарини аёллар ташкил этади.

Самарқанд вилоятида содир этилган ЙТҲ жами 358 та транспорт воситаси иштирок этган. Шундан 207 таси ёки 58 фоизи маҳаллий транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан, 151 таси ёки 42 фоизини вилоят ҳудудидан транзит ўтувчи (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Наманган, Навоий, Бухоро, Хоразм, Жиззах ва Тошкент вилоятлари) транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиш сабаблари ўрганилганда, аксарият ЙТҲга ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш сабаб бўлаётгани аниқланган. Жумладан, улар томонидан белгиланган тезликни меъёрдан ошириш, қарама-қарши йўналишга ўтиб ҳаракатланиш ёки нотўғри қувиб ўтиши, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, чарчаш оқибатида рул бошқарувида ухлаб қолиш ёки ҳайдовчиларга оддий бўлиб кўринган йўл белгисига амал қилмаслик оғир оқибатли ЙТҲларни содир этилишига сабаб бўлган.
Шундан сўнг тарғибот тадбири доирасида Ургут туманида ЙТҲга учраши оқибатида яроқсиз ҳолга келиб келиб қолган автомобилларни Ургут шаҳри ва тумани бўйлаб кўчалар бўйлаб олиб ўтишди ва аҳоли гавжум жойларда ЙҲХБ ходимлари томонидан тарғибот олиб борилди.
Тадбир сўнгида Фарҳод Шайзаков фуқароларга мурожаат қилди: «Йўлга чиқишдан аввал автомобилингизнинг созлигини яна бир бор кўрикдан ўтказинг. Тегишли ҳужжатлар бўлмаган ҳолда ёки спиртли ичимликлар таъсирида автомобиль бошқарманг.
Ҳурматли ҳайдовчилар, кўча фақат автомобиль бошқараётган ҳайдовчиларга тегишли эмас. Унда пиёданинг ҳам, мотоцикль бошқариб кетаётганларнинг ҳам, велосипедда ҳаракатланаётганларнинг ҳам ҳаққи бор. Улар ҳам кўчага чиққач, йўл ҳаракати иштирокчиларига айланишади. Шундай экан, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига ҳам эътиборли бўлинг», деди Фарҳод Шайзоков.







Мавзуга оид
08:45 / 16.06.2026
Тошкент ва Самарқандда қарийб 6 кг наркотик модда мусодара қилинди
18:37 / 02.05.2026
Фарғона ва Сурхондарёда сел кузатилди, Самарқандда кўчаларни сув босди
09:45 / 21.04.2026
Самарқандда машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади
10:35 / 20.04.2026