Бектемир туманида тармоқлараро кооперация маркази ишга тушди
Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Cooperation LAB» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш марказига ташриф буюрди.
«UzAuto Motors», «СамАвто», «JV MAN Auto – Uzbekistan», «General Motors Powertrain Uzbekistan» сингари корхоналарда замонавий автотранспорт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, кўплаб эҳтиёт қисмлар хориждан олиб келинмоқда. Бозор конъюнктураси ва саноат корхоналаридаги талабни таҳлил қилиш асосида янги эҳтиёт қисмларни ўзлашириш чоралари кўрилмоқда.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ташаббуси билан Бектемир туманида «Cooperation LAB» тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш маркази шу мақсадда ташкил этилган.
Лойиҳа қиймати 2 миллион доллар бўлган бу масканда 50 киши иш билан таъминланган. Марказ ғоядан растагача тамойили асосида автомобилсозлик соҳасида тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, импортни камайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ўстиришга мўлжалланган.
Ҳудуддаги доимий ишлайдиган кўргазма павильонида «Ўзавтосаноат» ва бошқа компаниялар томонидан мамлакат автобозорига импорт қилинаётган бутловчи деталлар, хом ашё ва материаллар намойиш қилинади. Улар Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, мавжуд корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмларини ва эҳтимолий йўналишларни намойиш этиш ҳамда импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш учун тақдим этилади. Юртимиздаги хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва бутловчи қисмлар импортини қисқартиришга хизмат қилади.
Давлат раҳбари марказнинг кооперация алоқаларига оид тақдимотлар билан танишди. Малакали конструктор ва олимларни жалб қилиб, янги техникаларни ўзлаштириш ва буюртма асосида етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.
«Машинасозлик ва электротехника соҳасида кооперацияни кенгайтиришда янги очилган «Cooperation LAB» маркази катта салоҳиятга эга. Ушбу марказ тадбиркорларга «ғоядан – тайёр маҳсулотгача» инжиниринг, техник ечимлар ва бозор топиш имконини беради», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шу ерда вилоят ҳокимларига тадбиркорлар гуруҳларини шакллантириб, марказ билан бирга саноат кооперациясидаги янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Марказда ишлаб чиқилган таклифларни «лойиҳалар фабрикаси» орқали молиялаштириш учун тижорат банклари билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги айтилди.
Мавзуга оид
21:40 / 19.04.2024
Тошкент аҳолиси Бектемир туманидаги кўчаларга ном беришда иштирок этиши мумкин
14:25 / 06.04.2024
Ҳашар баҳона ташкилотлар ходимларининг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиняпти. Бу қонунга зид
18:59 / 11.03.2024
Бектемир туманига янги ҳоким тайинланди
16:08 / 06.02.2024