Ўзбекистон | 19:08 / 21.08.2020
70382
3 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини камайтириш зарурлигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Cooperation LAB» марказининг ўзида ҳудудларда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.

«Ҳозирда мамлакатимиз саноатида локализациялашган маҳсулот ҳажми атиги 4 фоизни ташкил этмоқда. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, энди давлат харидларида юртимизда тайёрланган маҳсулотларга устуворлик берилиб, ишлаб чиқариш янада рағбатлантирилади. Жумладан, тендерда иккитадан кўп ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи мавжуд бўлганда, фақат уларнинг маҳсулоти қатнашади. Шунингдек, маҳаллий маҳсулотларга импорт товарларга нисбатан 15 фоизлик нарх преференцияси берилади. Бундан буён бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган барча харидларда маҳаллий ҳокимият вакиллари бевосита иштирок этади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шу каби имкониятларни ишга солиб, локализация ва кооперацияни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

«Масалан, автомобиль саноатида импорт қилинаётган 1 минг 712 турдаги бутловчи қисмларни юртимизда ишлаб чиқариб, валюта харажатларини камида 150 миллион долларга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу маҳсулотларни ўзлаштирувчи ҳудудий корхоналарни аниқлаб, уларда юқори қўшилган қиймат яратиш вазифаси қўйилди. Автомобиллар таннархини камайтириб, бозорда рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги таъкидланди», дейилади хабарда.

Қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация, ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш учун талаб ҳам, имкониятлар ҳам етарли. Масалан, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятларидаги тўла қувватда ишламаётган корхоналар ва сервис базаларида 120 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш мумкин. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларига сифатли хизмат кўрсатадиган хусусий сервис корхоналари ташкил этиш ва ушбу соҳада мутахассис тайёрлаш кераклиги қайд этилди.

Электр техникаси, автомобиль саноати ва қишлоқ хўжалиги ўртасида кооперация алоқаларини чуқурлаштириш масалалари таҳлил қилиниб, тегишли вазифалар белгиланди.

«Тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари ҳисобот берди.

 

Мавзуга оид