Ўзбекистон | 17:34 / 21.08.2020
6458
2 дақиқада ўқилади

Сурункали касалликлари бор беморларни эмлашда эҳтиёт бўлиш керак - штаб аъзоси

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда нафас қисиши, йўтал ва енгил терлаш коронавирус белгиси бўлиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Бугунги кунга келиб дунё олимлари коронавирус инфекцияси билан касалланганда симптомлар ва уларнинг босқичлари, яъни симптомлар кетма-кетлигини тасдиқлашди. Ушбу рўйхатга кўра, коронавирус инфекцияси тана ҳарорати кўтарилиши, йўтал ва нафас қисиши, ҳолсизлик ва дармонсизлик, шунингдек, мушак ва бўғимлардаги оғриқ билан намоён бўлади, баъзи одамлар ҳид ва таъм билиш ҳиссини йўқотишади.

Шунингдек, касалликнинг давомийлиги симптомсиз, енгил, ўрта, оғир ва жуда оғир кечишига боғлиқ. Коронавирус бир ой давомида ўрта ва оғир даражадаги беморларда давом этиши мумкин, лекин бунда юқори ҳарорат, йўтал ва нафас қисилиши белгилари бўлади», деди у.

Брифингда ишлаб чиқилаётган вакциналар жуда кўп ножўя таъсирга эга ва сурункали касаллиги бўлган беморларга мумкин эмаслиги мазмунидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Россия Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг таркиби ва қўллаш тартиби очиқ эълон қилинган. Ундаги маълумотларга кўра, вакцинацияга бўлган қаршиликлар бошқа вакцинацияларга бўлган қаршиликларга ўхшаш. Яъни касалликларга қарши эмлаш нафақат ўткир шамоллашлар ва бошқа касалликлар ҳам авж олган даврида, балки вакцинанинг таркибидаги маълум бир воситасига нисбатан аллергик реакция бўлса ҳам, эмлаш ўтказилмаслиги белгиланган.

Лекин юқорида келтирилган касалликларни ўткир даври ёки авж олган даври ўтганидан сўнг эмлаш тавсия этилади. Шу билан бирга, вакцинациядан сўнг келиб чиқиши мумкин бўлган вақтинчалик ножўя таъсирлар мавжуд бўлиб, улар енгил ўтиши мумкин деб белгиланган.

Сурункали касалликларга тўхталадиган бўлсак, вакцина — кучсизлантирилган вирус бўлгани боис, сурункали касалликлари бор беморларда эҳтиёткорлик билан эмлаш кераклиги белгиланган. Яъни, агарда эмланаётган шахсларда сурункали касалликлари бўлса, улар шифокор назоратида бўлишлари талаб этилади», штаб аъзоси.

Мавзуга оид