Ўзбекистон | 13:00 / 22.08.2020
13900
2 дақиқада ўқилади

«Аллергия фонида коронавирус касаллиги нафас сиқиши каби аломатларга олиб келиши мумкин» - штаб аъзоси

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди. 

Фото: Getty Images

Брифингда аҳоли мурожаати ва саволлари юзасидан жавоб қайтарилди.

Мурожаатлардан бирида фуқаро оилавий поликлиникадан биринчи ёрдам тўпламлари коронавирус аломатлари бўлган беморларга бериладими ёки фақат тест топшириб инфекция аниқланганларгами, дея сўраган.

«Коронавирус аломатлари бўлган беморлар гумон қилинганлар гуруҳига кирадилар. Коронавирус тасдиқланган ва гумон қилинганларга касалликнинг енгил формасида уйда даволаниш учун бепул дори тўпламлари поликлиника томонидан берилади», - деди Барно Абдусаматова саволга жавобан.

Брифингда томоғида аллергияси бўлган, аллергик йўтал безовта қиладиган кишилар коронавирус юққанини қандай билиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Хазонрезги мавсумининг бошланиши, ҳаво ҳарорати совиб бориши билан айрим касалликлар юзага чиқади. Булар орасида айниқса аллергия касаллиги кўпчиликни безовта қилади. Аллергик йўтал узоқроқ давом этади ва мавсумий бўлади.

Коронавирус йўталдан ташқари ўзининг бир қатор симптомлари билан келади, масалан: тана ҳароратини кўтарилиши, мушакларда оғриқ, нафас қисиши, таъм ва ҳид билишнинг йўқолиши ва ҳоказолар. Агар йўталингиз шу белгилар билан келадиган бўлса ҳудудий поликлиникага мурожаат қилинг. Чунки аллергия фонида келадиган коронавирус касаллиги нафас сиқиши каби аломатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун Сизда касаллик аломатлари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг», - деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид