Ўзбекистон | 11:16 / 22.08.2020
39898
7 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри таркибида янги туманни ташкил этиш тўғрисида президент қарори лойиҳаси эълон қилинди

Тошкент шаҳрида барпо этилган янги мавзеларда аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Президентнинг “Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси;
  • Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги бўлинмалари ҳамда уларга қўшимча киритилаётган бошқарув ходимларининг чекланган сони;
  • Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича республика комиссияси таркиби;
  • Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бошқармасига харид қилинадиган махсус-техника воситалари рўйхати;
  • Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг тумандаги бўлимларига маъмурий бинолар қуриш ва жиҳозлаш режаси тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, Янгиҳаёт туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги ПФ-5515-сон Фармонида белгиланган тартиб амал қилади.

Республика комиссияси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда:

  • Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманини ташкил этиш билан боғлиқ зарур тадбирлар режасини ишлаб чиқилиши ва уларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини;
  • вазирлик ва идораларнинг Янгиҳаёт туманини ташкил этиш, иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилишга амалий кўмаклашишни;
  • Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Янгиҳаёт тумани маҳаллий бюджети ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрларини тасдиқлашни;
  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Янгиҳаёт тумани ҳокимлигини зарур бино ва иншоотлар ҳамда моддий-техника воситалари билан жиҳозлашни;
  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Янгиҳаёт туманини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлашини, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси (Раматов) икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманининг 2020-2025 йилларда комплекс ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритади:

  • ривожланган хорижий давлатларнинг илғор шаҳарсозлик тажрибаларини ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиниши;
  • тумандаги урбанизация ва ички иммиграция жараёнларини прогнозлаштириш;
  • ижтимоий инфратузилмалар (мактабгача таълим, мактаб, олий таълим, тиббиёт, маданият, спорт муассасалари ва бошқалар)ни ташкил этиш ва оқилона жойлаштириш;
  • автомобиль ва пиёдалар учун йўллар, коммунал хўжалиги, коммуникация тизимлари ва тармоқларини энг замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш;
  • тумандаги бандлик ва ижтимоий ҳимоя тизимини йўлга қўйиш бўйича шаффофликни таъминлаш;
  • туман ҳокимлиги бошқарув ходимларининг меҳнат самарадорлигини ошириш ва моддий рағбатлантириш тизими (KPI)ни йўлга қўйиш;
  • туман ҳокимлигида MC ISO 9001:2015 халқаро стандарти татбиқ этилишини ташкил этиш;
  • янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш;
  • сайилгоҳлар ва дам олиш масканларини ташкил этиш;
  • тасдиқланган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш масалаларининг ечими, жумладан, стратегияни 2020-2022 йилларда амалга ошириш учун хорижий молия институтларининг маблағлари ҳисобидан 100 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линияларини очиш.

Янгиҳаёт туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш, инвесторларни кенг жалб қилган ҳолда бўш турган объектлар ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Ишчи гуруҳ (А.Н. Арипов) зиммасига:

Янгиҳаёт туманида аниқ йўналишли, молиялаштириш манбаига эга бўлган, зарур лойиҳа олди ҳужжатлари (бизнес режа/техник иқтисодий асослари) ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини маъқуллаш;

туман ҳудудида жойлашган бўш турган объектлар ҳамда ер майдонларини инвесторларга инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда очиқ электрон онлайн аукцион савдолари орқали ёхуд энг яхши таклифларни аукцион ўтказиш йўли билан танлаб олиш орқали реализация қилиш ва ижарага бериш;

туман ҳудудидаги бўш ер майдонлари ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда объектлари негизида индустриал ва технопаркларни ташкил этиш, уларни бошқариш ва молиялаштириш юзасидан тезкор қарорлар қабул қилиш юклатилади.

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун шакллантирилган таклифларни кўриб чиқиш, танлаб олиш ва натижаларни расмийлаштириш схемаси тасдиқланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

  • Янгиҳаёт туманида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш учун ҳар чоракда “Инвестор куни” тадбирлари ўтказилади;
  • Ишчи гуруҳи томонидан таклиф этилаётган лойиҳалар юзасидан энг яхши таклифларни аукцион йўли билан танлаб олиш, тадбиркорлик субъектлари билан инвестиция шартномаларини тузиш, уларга ер участкалари ажратиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бўш турган объектларини бериш бўйича инвестиция таклифлари кўриб чиқилади;
  • Ишчи гуруҳи томонидан маъқулланган инвестиция лойиҳаларига Янгиҳаёт туманидан ер участкаларини ажратиш, ер участкасини бир йилгача муддатга дастлабки захиралаш шарти билан амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ишларини молиялаштириш учун 2020-2023 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадларининг 5 фоизи ва Тошкент шаҳри туманлари қўшимча даромадларининг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар ўтказилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

  • қарорда белгиланган вазифаларни бажариш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 100 млрд. сўм маблағни Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети даромадлари қисмидан қайтариш шарти билан 5 йил муддатга фоизсиз ссуда сифатида ажратади;
  • қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда ташкил этилаётган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг туман бўлимларини сақлаш харажатларини молиялаштириш чораларини кўради.

2021 йилдан бошлаб Янгиҳаёт тумани харажатлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Янгиҳаёт туманига ўтказилган ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг почта манзилини улардан ариза ёки маълумот талаб этмаган ҳолда, тўғридан-тўғри электрон тизим орқали бепул ўзгартиришни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси статистика кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда юритишда Янгиҳаёт туманининг маъмурий ҳудудларини инобатга олади.

Мавзуга оид