Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Роспотребнадзор мутахассислари Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда ёрдам беради
Россиянинг Роспотребнадзор мутахассислари гуруҳи Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Гуруҳ умумий ҳисобда 7 мутахассисдан иборат бўлиб, улар орасида эпидемиолог, вирусолог, инфекционистлар бор. Улар Республика санитария-эпидемиологик осойишталик Агентлиги ва унинг бўйсунувидаги ташкилотларда иш олиб боришади.
Россиялик мутахассислар 23 августдан 5 сентябргача коронавирусга қарши кураш бўйича консултатив ёрдам берадилар. Улар ташриф давомида Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият билан танишишни ва коронавируснинг диагностикасида иштирок этувчи эпидемиологик назорат ва лабораториялар, коронавирусга чалинганларни даволашга ихтисослашган даволаш муассасалари фаолиятини батафсил ўрганишни режалаштиришган.
Роспотребнадзор делегацияси пойтахт Тошкентдан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги тиббиёт муассасаларига ташриф буюради. Россиялик мутахассислар томонидан илмий-амалий тадбирлар, онлайн-консултациялар ўтказилади ва Россияда коронавирусга қарши курашдаги энг яхши амалиётларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш имконияти кўриб чиқилади.
Аввалроқ, 16 агустда Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 40 нафар россиялик мутахассис келганди. Гуруҳ таркибига шифокор-реаниматологлар, пульманологлар, инфекционистлар, кардиологлар ва эндокринологлар кирган. Улар бир ой давомида пойтахт ва вилоятлардаги шифохоналарда иш олиб боришади.