Жамият | 19:24 / 24.08.2020
72086
8 дақиқада ўқилади

«Турмуш қурганимдан бери эримдан калтак ейман. Ажрашмоқчи бўлдим, аммо...» – Бир аёл ҳикояси   

«Ёшим 33 да. Турмуш қурганимга 11 йил бўлди. Тўйимизнинг эртаси кунидан бошлаб эрим мени маст ҳолатда дўппосларди. Бу турмушга бошидаёқ қаршилик билдирганман. Беш йиллик унаштирув давомида унинг феълини жуда яхши билардим. Ота-онамга норозилигимни айтсам-да, одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиб, шу йигитга узатишди. Эрим ношудлигидан овсиним уйимиздан ҳайдаб солди. Муқим яшаш жойимиз бўлмаганидан кейин беш йил алоҳида яшашга мажбур бўлдик. Мен ота уйимда, у эса акасининг уйида. Ўғлим дадасини танимай ўсди».

Ҳар бир инсоннинг ўз тақдир битиги бор. Кимгадир бахтли, тўқин-сочин ҳаёт насиб этса, яна кимдир муҳтожликда синалади. Исми сир тутилишини истаган самарқандлик аёлнинг тақдири кимларнидир мушоҳадага чорласа ажабмас.

“Ота-онамни норози қилмаслик учунгина шу инсонга турмушга чиқдим”

2011 йилда турмуш қурдим. Ҳаёт остонасига энди қадам қўяётган ҳар бир қиз қалбида қанча-қанча орзулар бўлади. Менда эса аксинча. Келажак ҳаётим қийинчилик ва муҳтожликда ўтишини билсам-да, ўзим истамаган инсон билан турмуш қурдим. Унда заррача кўнглим бўлмаган. Эримнинг ота-онаси анча йиллар олдин вафот этишган. Тўй қилишга пули бўлмагани учун унаштирувимиздан кейин беш йил ўтиб кетди. У бу орада Россияда ишлаб, пул топиб келди. Унинг ичкиликка берилиб кетганини билардим. Маст ҳолатда ҳеч кимни танимасди. Ота-онамга тўйни тўхтатмоқчилигимни айтганман, лекин дадам қўни-қўшнилар гапидан қўрқиб, мени фикримдан қайтарган.

“Тўй ҳам ўтди...”

Шу тариқа амал-тақал қилиб тўйни ҳам ўтказдик. Тўйнинг эртаси кунидан азобли кунларим бошланди. Эрим маст ҳолатда келиб, ҳеч бир сабабсиз мени дўппослай кетди. Бу ҳолат бора-бора одатга айланиб қолди. Келин бўлиб тушган хонадонимда мен ва эримдан ташқари овсиним ва икки қайноғам ҳам яшарди. Эрим менга уйланишидан олдин ҳам кўп ичарди. Жигарлари уни бу йўлдан қайтариш учун астойдил ҳаракат қилишмаган. Доим маст бўлиб, кечалари кўчада қолиб кетавергани, қўни-қўшнилар олдида уларни изза қилгани учун ҳам ака-укалари уни унчалик хушламасди.

“Қайнопамнинг зуғумларига чидаш осонмас эди”

Шаҳарда қайнопам яшарди. Биздан узоқда бўлсаям, биз, келинларига азоб бераверарди. Уч марта ҳомиламдан айрилдим. Бунга сиқилиш, оғир меҳнат, тўйиб овқатланмаслик сабаб бўлган. Қайнопам буни билмасди ёки билмаганликка олиб, мени касалмандсан, фарзанд туғолмайсан, деб сиқувга оларди. Эримниям менга қарши қайрарди. Мендан катта овсинимниям уйга сиғдирмай, бошқа жойга кўчириб юборди. Уйда эрим, мен ва қайнукам қолдик. Қайнукамниям уйлантирдик. Қайнопам менга азоб беришда давом этаверди. Уйдан чиқиб кет, деган пайтлари, ажраштиришгача уринган ҳолатлари ҳам бўлган. Кўп ўйлардим: қайнопам нима учун шундоқ ҳам мўрт ҳаётимизни заҳарламоқчи бўлади? У ўзи ҳам бахтсиз эди: эри билан кўп жанжаллашарди, ҳаётидан норозилиги кўриниб турарди. У бизниям ўзи каби қийналишимизни истагандир балки.  

“Бизни уйдан ҳайдашди”

Мендан кичик овсиним билан бирга яшардик. Қайнукам мардикорлик қиларди. Ишлаган жойида бир неча кунлаб қолиб ҳам кетарди. Бу пайтда овсиним онасиникига кетарди. Қайнукам қайтиб келгунича ўша ерда бўлиб турарди. Бир куни овсиним эри келишидан бироз олдин қайтиб келган экан. Мен уйда эмасдим. Иш билан қўшниларникига чиқиб кетгандим. Эрим ҳар доимгидек ичиб келганди. Ўша куни уйимизда катта жанжал бўлди. Овсиним туҳмат қилиб, эрим уни ҳомиладор бўлишига қарамасдан шафқатсизларча урганлигини ёлғондакам йиғлаб қайнукамга айтиб берган. Ака-укалари буни эшитиб, эримни роса дўппослашган. Маст бўлгани учун айбсиз эканлигини айтолмаган. Оғзи-бурни қон ҳолатда кўл-оёғини боғлаб, оғилхонага қамаб қўйишган экан. Қўшниникидан қайтиб кирсам, эрим бир аҳволда ётибди. Ўша пайтда ҳозир 6 ёшга кирган ўғлимга ҳомиладор эдим. Кўз олдим қоронғулашиб, ҳушимдан кетиб қолдим. Уйга эримнинг амакиваччалари ҳам келишганди. Улар мени зудлик билан шифохонага олиб боришди. Ўша ерда бироз вақт даволандим. Бу орада эримни милиция олиб кетибди. Воқеа бўйича текширув ўтказилди. Эрим овсинимни урмаганлиги аниқланди. Шу билан ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетди, деб калта ўйлабман. Кейин билишимча, бу уларнинг режаси бўлган экан.

Ойлар ўтаверди. Овсиним ҳар икки гапининг бирида бу ердан кетишимиз кераклигини айтаверарди, сабабсиз жанжаллар бўларди. Борадиган жойимиз бўлмагани учун чидаб яшаб келардим. Бир куни эримнинг опаси, ака-укалари уйга келиб, ўзаро гаплашишди. Эримга мен билан ажрашиш талабини қўйишди. Рози бўлмагач, ноилож уйдан чиқиб кетишга қарор қилди. Февраль ойи эди. Болам 5 ойлик эди. Ҳамма буюмларимизни битта юк машинасига ортиб, уйни тарк этдик. Қизлик уйимга яқин жойдан ижарага ҳовли уй топгандик. Ўша куни қишлоққа сел келганди. Сойда сув тўлиб-тошиб оқарди. Юк машинасида ўтиб кетамиз, деб ўйлагандик. 10 дақиқача машина юролмай қолди. Кўп кийим-кечак, озиқ-овқатларимиз сойда оқиб кетди. Бир амаллаб сойдан чиқиб олгач, ижарадаги уйга етиб олдик. Эртаси куни ҳаммамиз: эрим, мен ва ўғлим қаттиқ шамоллаб қолдик.

Ажрашмоқчи бўлдим, лекин...”

Ижара уйда икки ойга яқин яшадик. У ерда шароит умуман яхши эмасди. Жуда эски уй бўлганлиги учун болам билан роса қийналдим. Эрим бошқа уй топишни ўйламасди. Мардикорликдан топган пулларини фақат ичкиликка сарфларди. Оч-наҳор қолиб кетган кунларимиз кўп бўлган. Эрим ичкиликни деб бизни унутиб бўлганди. Нарсаларимизни олиб қизлик уйимга кетиб қолдим. Ўғлимни ўша ерда улғайтирдим. Онам поликлиникада фаррош бўлиб ишларди. Пенсияга чиққач, ўрнига ишга жойлашдим. Ойига 450 минг сўм ойлик олардим. Эрим бир йилда 2-3 марта келарди. Шундаям ўғлимизни боқиш учун ҳеч қанақа пул бермаслигини айтиб, маст ҳолда жанжал қилиб кетарди. Беш йилни шу тарзда ўтказдик. Ажрашмоқчи бўлдим, лекин ҳаммаси яхши бўлиб кетар, деган умид билан яшардим. Афсус, ундай бўлмади. Туман ҳокимлиги томонидан маҳалламизда жойлашган эски поликлиника биносини тўртта оилага бўлиб беришди. Улар орасида биз ҳам бормиз. Янги жойда янги ҳаёт бошлаймиз, деб ўйлардим. “Тарки одат амри маҳол”, деганларидек, эрим мана, 8 кундан бери ҳар куни ичиб келяпти.

“Ўғлим дадасини танимайди”

Ўғлим ота меҳрини ҳис қилмай улғайди. Дадасини фақат маст ҳолда кўради. Мени бу ерда ушлаб турган ягона нарса – ўғлимнинг келажаги. Фарзандимни улғайтиришим учун яшаш маконимиз бўлиши керак. Кейинги ҳаётимиз нима бўлиши мени ҳар доим ўйлантиради. Эрим ўзгаришига умид қилаверишдан чарчадим.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзуга оид