Ўзбекистон | 08:28 / 25.08.2020
1626
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Ўзбекистонда статистика тизими ривожига техник кўмак кўрсатади

Давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотлар ва бюджет ташкилотлари харидларининг максимал даражада ошкоралигини таъминлашга қаратилган жараёнлар ҳам қайд этилди. 

Жорий йилнинг 24 август санасида бош вазир ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров раислигида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот билан видеоконференция шаклидаги учрашув бўлиб ўтди

Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, унда Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегалов, шунингдек бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувда мамлакатда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) кенг жорий қилиш, улар бўйича ва ўқув профессионал аудиторларни имтиҳондан ўтказиш тизимларини ташкил қилиш ва сертификатлар тақдим этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотлар ва бюджет ташкилотлари харидларининг максимал даражада ошкоралигини таъминлашга қаратилган жараёнлар ҳам қайд этилди. Томонлар ўзаро фикр алмашиш ва Британия ҳукуматининг солиқ маъмуриятчилиги борасидаги тажрибасини кўриб чиқишга қизиқиш билдирдилар. Иштирокчилар инсон капиталини ривожлантириш, хусусан, тадбиркорлик таълими ва давлат томонидан, шу жумладан аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, меҳнат бозорини ривожлантириш ва расмий секторни кенгайтириш, шунингдек, ички миграциянинг ривожланиш омили бўлиб хизмат қилувчи урбанизация жараёни каби соҳалардаги ҳамкорликнинг муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар. Буюк Британия билан ҳамкорлик қилишнинг муҳим жиҳати сифатида Ўзбекистонда статистиканинг ривожланишига техник кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Ўз навбатида, Тим Торлот пандемиядан аввалги ривожланиш кўрсаткичларини тиклаган ҳолда барқарор иқтисодиётни шакллантириш, хусусан, яшил иқтисодиётни кенгайтиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тегишли ёрдам кўрсатиш юзасидан ҳамкорлик ва фикр алмашишнинг муҳимлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид