Жаҳон | 19:31
1603
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Россия «яширин флоти» танкерини қўлга олди

Ministry of Defence

Буюк Британия қуролли кучлари илк бор Россия «яширин флоти»га мансуб бўлган танкерни қўлга олди. Бу ҳақда бош вазир Кир Стармер ҳамда мамлакат мудофаа вазирлиги хабар берган.

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган ушбу кема Ла-Манш бўғози орқали ўтишга уринганида тўхтатилган.

Қироллик флоти кучлари иштирокида танкерни қўлга олиш бўйича амалиёт олти соат давом этган. 14 июн куни тонгида Буюк Британия ҳарбийлари, жумладан, Қироллик денгиз пиёдалари коммандос бўлинмаси Камерун байроғи остида сузаётган «Смиртос» (Smyrtos) танкери бортига кўтарилган.

Ҳозирда танкер Англия жанубий соҳилига олиб борилган ва лангар ташлаган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги у билан боғлиқ равишда экологик муаммолар ёки хавфсизликка таҳдид юзага келмаслигини назорат қилишини билдирган.

Кир Стармер ижтимоий тармоқдаги саҳифасида махсус топшириқли бўлинма жангчилари томонидан олинган кадрларни намойиш этган.

«Ушбу муваффақиятли операция Россия учун навбатдаги зарба бўлади ва Путиннинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлаётганларга биз уларнинг яширинишига йўл қўймаслигимизни эслатади», – деган Стармер.

«Яширин флот»га мансуб танкерлар ғарб санкцияларини айланиб ўтган ҳолда Россия нефтини ташиш билан шуғулланади. Европа мамлакатлари бундай кемаларни бир неча бор қўлга олган, аммо кўп ҳолатларда кемалар текширувлардан кейин қўйиб юборилган.

Июн ойи бошида Франция ҳарбий-денгиз кучлари ҳам Атлантика океанида Россия «яширин флоти»га алоқадорлиги айтиладиган «Тагор» (Tagor) нефт танкерини қўлга олганди. Танкер халқаро санкциялар остида бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид