Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши курашишда янги тизим жорий этилишини маълум қилди
2021 йил 1 январдан эътиборан Ўзбекистонда «Божхона аудити» ахборот тизими жорий этилади. 25 август куни АОКАда Давлат божхона қўмитаси масъуллари иштирокидаги матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
ДБҚ бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжоновнинг тушунтиришича, янги тизим аввало «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш ва тадбиркорларга қулайликлар яратишга хизмат қилади.
«Товарлар кириб келганидан бошлаб то истеъмолчига етиб боргунига қадар истеъмол занжири яратилмоқда. Яъни бу фақатгина божхона идораларидаги маълумот асосидагина эмас, балки божхона ва солиқ қўмиталари маълумот базаси бирлаштирилиб, товарлар киргандан бошлаб то реализация қилингунича ягона бир тизим жорий этилади.
Бу жараёнда солиқ идоралари ҳам биздан 10 сўмдан ўтган товарни неча пулдан ўтаётганини назорат қилиш имконияга эга бўлади. Барча тўловлар онлайн режимда назорат қилиб борилади. Агар ҳалоллик даражаси пасайса, солиқ идоралари билан ҳамкорликда камерал ёки сайёр текширув ташкил қилинади. Натижада яширин иқтисодиётнинг олдини олиш мумкин бўлади», – деди Фарҳод Олимжонов.
Таъкидланишича, божхона аудити АҚШ, Россия, Канада, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Ғарбий Европа мамлакатларида кенг қўллаб келинмоқда. Мутасаддилар фикрича, мазкур тизимни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш вақти аллақачон келган. Бунга 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари туртки бўла олади.
Хусусан, 8 ой давомида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 5 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилган. Натижада 154,6 млрд сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан 265та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган. 4 517 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган. Шу билан бирга, 31,1 кг ва 2140 туп гиёҳвандлик воситалари, 19 дона қурол, 57 дона ўқ, 239,8 минг дона психотроп таблеткалар, 10 млрд сўмлик тиббиёт буюмлари ва дори воситалари, 1,5 млрд сўмлик ноқонуний валюта қимматликларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасининг олди олинган.
Мавзуга оид
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
12:21 / 11.10.2024