Жаҳон | 08:41 / 25.08.2020
20481
4 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда коронавирусдан такроран зарарланиш бўйича илк ҳолат қайд этилди

24 август куни Ҳонгконг университети олимлари коронавирусдан такроран зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар беришди. Маълум қилинишича, 4,5 ой муқаддам касалликка чалиниб соғайган эркакка қайта зарарланиш ташхиси қўйилган. Иккинчи ҳолатда унда касалликнинг ҳеч қандай аломати бўлмаган.

Фото: Getty Images

Вирус устидаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, унинг РНКси илк касалланиш ҳолатларини келтириб чиқарган SARS-Cov-2 штаммининг генетик кодидан сезиларли даражада фарқ қилади.

Олимларга Covid-19’дан тузалиб чиққанлар вирусга қарши иммунитет ҳосил қилиши маълум, аммо шу вақтгача бу ҳимоя қанчалик ишончли экани ва қанча вақт танада сақланиб қолиши аниқ эмас. Ҳонгконглик бемор билан боғлиқ ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, дунё бўйлаб 800 мингдан ошиқ инсон ҳаётига зомин бўлган вирусга қарши иммунитетнинг умри қисқа бўлиши мумкин.

26 март куни Ҳонгконгда яшовчи 33 ёшли эркакда коронавирус инфекциясининг аломатлари аниқланган ва у оғир аҳволда шифохонага етказилган. Даволаш курсидан кейин апрель ойида у 2 марта текширилган, таҳлиллар унда вирус йўқлигини кўрсатган ва шифокорлар уни тўлиқ соғайган деб ҳисоблаб жавоб беришган. 

Унинг коронавирус қайта чалингани тасодифан аниқланган. У 15 августда Ҳонгконгга Испаниядан Британия орқали қайтгач, аэропортда тест топширган ва унда коронавирус чиққан. Бироқ бу сафар у инфекциянинг бирор-бир аломатини ҳис қилмаган ва у ташқаридан мутлақ соғлом кўринишда бўлган.

Тиббиёт ходимлари дастлаб эркак иккинчи марта коронавирусга чалингани ёки унинг организмида вирус сақланиб қолганини била олишмаган. Бироқ университет олимларининг таъкидлашича, таҳлиллар эркак иккинчи марта дастлабки касалланишидаги вирусдан фарқланувчи унинг янги штамми билан касалланганини кўрсатган. 

«Кўпчилик коронавирусдан соғайганлар унга қайта чалинишдан иммунитетга эга, деб ҳисоблайдилар, чунки уларнинг аксариятида коронавирусга қарши антитаналар пайдо бўлади. Бироқ баъзи соғайганларда бир неча ойдан кейин антитаналар миқдори камайишининг исботлари бор», деб таъкидлаб ўтишган олимлар.

  • Агар одамлар янги вирусн бир мартадан ортиқ юқтиришса (худди грипп каби), бу эмлаш жараёнини мураккаблаштиради - ҳатто кучли вакцина тез муддатда ишлаб чиқилса ҳам.

Олимлардан бири Кай-Ван Тонинг таъкидлашича, бу ҳолат эмлаш бефойда бўлишини англатмайди. Унинг айтишича, эмлашда ҳосил қилинадиган иммунитет вирусга табиий йўл билан йўлиққандан кейин ҳосил бўладиган антитаналардан фарқ қилиши мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, натижалар аҳолида коронавирусга қарши оммавий иммунитет ҳосил бўлишига қарамай, вирус тарқалишда давом этишини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, ЖССТ эпидемиологи Мария Ван Керховнинг таъкидлашича, фақат бир кишида такрорий касалланиш қайд этилганига асосланиб, бу борада қандайдир хулоса қилишга эрта эканини айтишмоқда.

Аввалроқ Хитой расмийлари ҳам такрорий зарарланиш ҳолатлари ҳақида хабар беришганди. Уларнинг маълумотларига кўра, гап соғайиб чиққанларнинг 5-15 фоизи ҳақида кетади. Бироқ бу ҳолатларда беморлар ҳонгконглик эркак каби тўлиқ соғайгандан кейин вирусга қайта чалинганлари ёки вирус дастлабки зарарланишдан кейин уларнинг организмида сақланиб қолгани, яъни улар тўлиқ соғайиб чиққани аниқ бўлмаган. 

Хитойлик мутахассис Ван Гуйцяннинг таъкидлашича, вирус беморлар ўпкасида қолиши, бироқ юқори нафас йўлларидан олинган намуналарда аниқланмаслиги мумкин. У бунинг бошқа сабаблари сифатида таҳлиллар сифатининг пастлиги ва кучсиз иммунитетни айтиб ўтган.

Ҳонгконглик беморнинг текширув натижалари ҳозирча илмий адабиётларда эълон қилинмади, шу туфайли бу ҳолатнинг кўп жиҳатлари ҳали аниқ эмас

Мавзуга оид