Жаҳон | 20:50
754
1 дақиқада ўқилади

Ҳонконгда 168 киши ҳалок бўлган ёнғин иши бўйича айблов эълон қилинди

Ҳонконг терговчилари ўтган йили 168 киши ҳаётига зомин бўлган турар-жой мажмуасидаги йирик ёнғин иши бўйича етти киши ва икки юридик шахсга айблов эълон қилди.

Фото: AP /Chan Long Hei

Associated Press хабарига кўра, айбланувчилар орасида бинода таъмирлаш ишларини олиб борган қурилиш компанияси раҳбарияти ҳам бор. Уларга жами 25 та модда, жумладан, ёнғин билан бевосита боғлиқ бўлмаган жиҳатлар: пул ювиш ва солиқ тўламаслик бўйича ҳам айбловлар қўйилган. Навбатдаги суд мажлиси сентябрь ойида бўлиб ўтади.

Ёнғин 2025 йил 26 ноябрь куни Тайпоу туманидаги Wang Fuk Court турар-жой мажмуасида содир бўлди. Дастлаб бинолардан бирининг ташқи томонида жойлашган бамбук ёғочлари ва қурилиш тўри ёниб кетди. Ёнғин тез тарқалиб, бошқа уйларни ҳам қамраб олди.

Фожиада 168 киши ҳалок бўлди. Мажмуада қарийб 2 минг хонадон бўлиб, уларда 4,8 мингга яқин киши, жумладан, кўплаб кексалар истиқомат қилган. Мажмуа 1980-йилларда қурилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид