Жаҳон | 22:01 / 25.08.2020
14983
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин бир неча ойдан бери кома ҳолатида бўлиши мумкинлиги айтилди

Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ким Дэ Чжуннинг ёрдамчиси Чан Сон Миннинг таъкидлашича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бир неча ойдан бери кома ҳолатида бўлиши мумкин. Бу ҳақда New York Post нашри маълум қилди.

Фото: EPA/Vostock-photo

“Ўйлашимча, у кома ҳолатида, аммо вафот этмаган”, деб айтган Чан Сон Мин.

Унинг тахмин қилишича, Ким Чен Иннинг омма олдидаги охирги чиқишлари тасвирланган барча лавҳалар монтаж қилинган. Жанубий кореялик дипломатнинг таъкидлашича, ҳокимиятда бўшлиқ пайдо бўлгани сабабли Ким Чен Ин ваколатларининг бир қисми унинг синглиси Ким Ё Ченга топширилган. 

Ўтган ҳафта Жанубий Кореянинг миллий разведка агентлиги Ким Чен Ин ўз ваколатларининг бир қисмини бир қатор амалдорларга топширгани ва синглисини мамлакатдаги иккинчи шахс этиб тайинлаганини маълум қилган.

“Рёнхап” ахборот агентлигининг разведка маълумотларига таяниб хабар беришича, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси ташкилий-нозирлик бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган Ким Ё Чен эндиликда Пхеньяннинг Сеул ва Вашингтон билан муносабатларига масъул ҳисобланади. Шу билан бирга, у ҳали Ким Чен Иннинг вориси деб эълон қилинмаган.

Яна икки амалдор зиммасига иқтисодиётни бошқариш юклатилган. Икки нафар юқори лавозимли ҳарбий эса аввал Ким Чен Ин назорат қилган мудофаа масалаларига қисман масъул этиб тайинлаган.

Жорий йил апрелида Шимолий Корея етакчиси 3 ҳафтага яқин кўриниш бермаган. Кейинроқ ОАВда Ким Чен Ин жиддий касал ёки умуман вафот этган бўлиши мумкинлиги маълум қилинган.

Бироқ май ойида Шимолий Корея матбуоти Ким Чен Ин иштирокидаги кадрларни эълон қилган. У Сунчхондаги маъданли ўғитлар ишлаб чиқарувчи завод очилишида иштирок этган.  

Мавзуга оид