Ўзбекистон | 13:09 / 26.08.2020
6552
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ота-оналарнинг 91 фоизи фарзандини мактабга жўнатишга розилик берди

Жорий йилги ўқув йилини 14 сентябрь, душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилди. Бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, хавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган. 

Шу сабабли, барча мактабларда ота-оналардан сўровномалар олинмоқда. Бу сўровномалар барча мактаблар кесимида аниқ, объектив ҳолат бўйича маълумот йиғишга имкон беради.

Андижон вилоятида ҳам бу масала кун тартибида турибди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг маълум қилишича, 25 август куни вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 1-синфларига қабул қилинган болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилди. Натижада, уларнинг 91 фоизи, янги ўқув йили бошидан ўз фарзандларини мактабга жўнатишга рози эканлиги маълум бўлди.   

Шуни таъкидлаш жоизки, янги ўқув йилида вилоятдаги 764 та умумтаълим мактабларида қарийб 60 минг нафар болалар 1-синфларда ўқишни бошлайди. Умуман олганда, вилоят бўйича жами ўқувчилар сони 575 минг нафарни ташкил этади.  

Шунингдек, вилоятда янги ўқув йилига қизғин тайёргарлик кўрилиб, бир қатор умумтаълим мактаблари таъмирланди. Хусусан, инвестиция дастури асосида 33 та мактаб сифатли таъмирдан чиқарилди, маҳаллий бюджет ҳисобидан эса 20та мактабни таъмирлаш ишлари олиб борилди. 

Мавзуга оид