Жаҳон | 23:20 / 26.08.2020
7399
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 330 млн доллар эвазига Суданни террорчилик ҳомийлари рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди 

Фото: REUTERS/Council Media office

АҚШ Судан “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг қурбонларига 330 млн доллар компенсация тўлаши эвазига уни терорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди
 
25 августда АҚШ давлат котиби Майк Помпео Судан пойтахти Хартумга янги ўтиш ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюрган. 

Таъкидланишича, АҚШ охирги йилларда Судан билан муносабатларни босқичма-босқич тикламоқда, бироқ Африка давлати террорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқиши олдидан унга қарши берилган ва ҳал қилинмаган барча суд аризаларини ҳал қилишни талаб қилмоқда. 

Бу орада Судан вазирлари, мухолифат етакчилари ва фуқаролари АҚШга юзлаб миллион доллар тўланиши мумкинлигидан хавотир билдира бошлашган. Улардан баъзилар Суданнинг янги ҳукумати аввалги ҳукуматнинг “қилғилиқлари”дан азият чекиши адолатсизлик эканидан шикоят қилишган.

“Биз тузумга қарши чиқдик ва уни ағдардик. Энди эса биз унинг хатолари учун ҳақ ҳам тўлашимиз керак”, деб айтган фаоллардан бири Муҳаммад Бабикер.

Февралда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Суданни террорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқаришга чақирган.

Вашингтон Суданни ушбу рўйхатга 1993 йилда киритган. Бу билан боғлиқ киритилган санкциялар бошқа чекловлар билан бир қаторда Судан банкларига хорижий ҳамкорлар билан ишлаш имкониятини чеклайди. 3 йил аввал АҚШ матбуотида Вашингтон Суданга қарши санкцияларни бекор қилмоқчилиги ҳақида маълумот пайдо бўлган. АҚШ бунда Африка давлатида инсон ҳуқуқлари яхшилангани ва террорчиликка қарши курашда илгарилаш борлигига таянган.

Мавзуга оид