Ўзбекистон | 14:01 / 26.08.2020
5676
2 дақиқада ўқилади

Карантин чоралари натижасида пуллик хизматлар, умумовқатланиш ва транспорт хизматлари қисқарди - вазирлик

1-ярим йилликда хизматлар соҳасида алоқа хизматларининг 15,1 фоизи ва молиявий хизматларнинг 35,9 фоиз ўсиши кузатилган бўлса, транспортда 9,1 фоизга, яшаш ва овқатланиш хизматларида 17,1 фоизга пасайиши кузатилди.

Молия вазири Тимур Ишметов Давлат бюджетининг 2020 йилнинг 1-ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисидаги маърузасида шу ҳақда маълум қилган.

“Жорий этилган карантин чоралари ва чегараларининг ёпилиши натижасида жорий йилнинг апрель ойининг ўзида пуллик хизматлар 37,5 фоизга, шундан, умум овқатланиш хизматлари – 66,6 фоизга, транспорт хизматлари – 55,8 фоизга қисқарди.

Авиапарвозлар, метрополитен, шаҳарлараро ва ички транспорт ҳаракатлари тўхтади. Жорий йилнинг май ойидан бошлаб карантин чоралари юмшатилиши ҳамда ўз вақтида инқирозга қарши иқтисодий тадбирларни амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт тармоқларида жонланиш кузатилди.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида инфляция даражаси иқтисодиётда умумий талабнинг пасайиши натижасида прогноз (5,6-4,6 фоиз)га нисбатан паст бўлди ва 4,6 фоизни ташкил этди, 2019 йил 1-ярим йиллигида ушбу кўрсаткич 5,6 фоизни ташкил этган эди.

2020 йилнинг январь - июнь ойларида асосий капиталга инвестициялар ҳажми 84 трлн 800 млрд сўмни ёки Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,2 фоизни ташкил этди.

Чегараларнинг ёпилиши ва глобал маҳсулот айрибошлаш занжирининг узилиши натижасида жорий йилнинг 1-ярим йиллигида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,2 фоизга (3,5 млрд. АҚШ долларга) камайди ва 15,9 млрд АҚШ долларини ташкил этди.

Бунда экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,6 фоизга ёки 6,3 млрд АҚШ долларига ва импорт ҳажми 15 фоизга ёки 9,6 млрд АҚШ долларга камайди”, - дейилади маърузада.

Мавзуга оид