Ўзбекистон | 08:29 / 27.08.2020
3697
5 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида замонавий технология асосида маъданли ичимлик суви ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида “Life Khonobod” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида, Тейит маҳалла фуқаролар йиғини, Хонобод массиви ҳудудидаги ер участкаларнинг балл бонитети Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг хулосасига асосан 44,2 баллга тенг;

ушбу ер участкалари Кўрғонтепа туманининг фермер хўжаликларига шоли экиш учун вақтинчалик бириктириб берилган;

Хонобод шаҳрининг тасдиқланган бош-режасига асосан Тейит маҳалла фуқаролар йиғини, Хонобод массиви ҳудудидаги ушбу ер майдонларида яшаш массивлари жойлаштирилиши белгиланган;

“Water Life Mineral” МЧЖ ушбу ер участкасининг 10,0 гектар қисмида I-босқичда яъни 2021-йил II-чорак якунига қадар, ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри хорижий кредитлар ҳисобидан 14,0 млн.евро киритиш ва 200 та янги иш ўринларини яратиш ҳамда “Life Khonobod” бренди остида маъданли сув ишлаб чиқариш, аҳоли ва туристлар учун ичимликлар галереясини (бювет), сувенир дўкон ва ўз маҳсулотларининг шоурумларини яратиш;

II-босқичда, лойиҳанинг I-босқичи муваффақиятли якунлангандан сўнг 2023 йил II-чорак якунига қадар, лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан замонавий дам олиш маскани ёки меҳмонхона комплекси лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.

Андижон вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Water Life Mineral” МЧЖнинг инвестиция лойиҳасини қўллаб – қувватлаш ва унга Хонобод шаҳридаги, Тейит маҳалла фуқаролар йиғини, Хонобод массиви ҳудудидан 10,0 гектар ер майдони истисно тариқасида тўғридан-тўғри ажратилиши ҳамда ушбу ҳудуднинг 70-контуридаги экин ерини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш нобудгарчилигини лойиҳа ишга туширилганидан сўнг истисно тариқасида, 5 йил давомида бўлиб тўлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Белгиланишича, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун:

а) “Water Life Mineral” МЧЖ:

Хонобод шаҳри Тейит маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хонобод массиви ҳудудидан ажратилган 10,0 гектар ер майдонига белгиланган тартибда батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилишини;

I-босқичда, “Life Khonobod” бренди остида маъданли ичимлик суви ишлаб чиқариш учун ажратилаётган ер участкасининг 5,0 гектар қисмида 2021-йил II-чоракгача ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри хорижий кредитлар ҳисобидан 14,0 млн. евро инвестиция киритиши ва 200 та янги иш ўринларини яратиши ҳамда аҳоли ва туристлар учун ичимликлар галереясини (бювет), сувенир дўкони ва ўз маҳсулотларининг шоурумлари яратиши;

“Water Life Mineral” МЧЖга тўғридан-тўғри хорижий кредит маблағлари ажратилишида хизмат кўрсатувчи тижорат банкига юқори ликвидли гаров таъминоти тақдим этиши;

б) II-босқичда, лойиҳанинг I-босқичи муваффақиятли якунлангандан сўнг 2023 йил II-чорак якунига қадар, лойиҳа смета – ҳужжатларига асосан 5,0 гектар ер майдонида замонавий дам олиш маскани ёки меҳмонхона комплекси лойиҳасини амалга ошириши;

лойиҳалар ишга туширилганидан сўнг, Хонобод массиви ҳудудининг 70-контуридаги экин ерини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш нобудгарчилигини истисно тариқасида, 5 йил давомида бўлиб тўлаши белгилаб қўйилади.

Уч ой муддатда I-босқичда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасини шаҳарсозлик норма ва қоидаларига асосан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди.

Андижон вилояти ҳокимлиги:

“Water Life Mineral” МЧЖга инвестиция лойиҳасини амалга ошириш Қўрғонтепа тумани, фермер хўжаликлари томонидан шоли йиғиб олингандан кейин 10,0 гектар ер майдони ажратилишини ва ер майдони ажратилгунга қадар ер ости сувларини бурғилаш ва лойиҳа билан боғлиқ бошқа тадқиқотлар ўтказилишига шароит яратиб беради;

“Water Life Mineral” МЧЖ томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасини белгиланган муддатда фойдаланишга топширилиши бўйича тизимли мониторинг олиб боради;

инвестиция лойиҳаси белгиланган муддатларда амалга оширилмаган ва объектлар фойдаланишга топширилмаган тақдирда ажратилган ер майдони унинг бажарилмаган қисми бўйича белгиланган тартибда давлат захирасига қайтариш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда яшаш массиви ўрнида инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини инобатга олиб, Хонобод шаҳри бош режасига тегишли ўзгартириш киритилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид