Жаҳон | 11:37 / 27.08.2020
7439
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея АҚШдан 40 та F-35 қирувчи самолёти сотиб олмоқчи

Жанубий Корея АҚШдан 5-авлоддаги F-35 қирувчи самолётидан яна 40 та сотиб олмоқчи. Харид қилинадиган самолётлардан ярми авиаташувчи кемалардан вертикал кўтариладиган модификацияда бўлади. Шу тариқа Жанубий Кореяда жами F-35’лар сони 80 тага етади. 

Фото: Олег Кирьянов/РГ

Ушбу самолётлардан 20 таси Жанубий Кореянинг биринчи авиаташувчи кемасида жойлаштирилади.

2014 йилда Осиё давлати ўз ҳарбий-ҳаво кучларини модернизациялаш доирасида АҚШ билан 40 та F-35А сотиб олиш бўйича шартнома имзолаганди. Бу битим Жанубий Кореяда “аср битими” деб аталган, чунки мамлакат қуролли кучлари тарихидаги энг қиммат шартнома бўлган. Унинг қиймати 6 трлн 400 млрд вонни ташкил қилган. Ўшандаёқ оммавий ҳисобдан чиқариладиган эски самолётлар ўрнини тўлдириш учун 40 та самолёт камлик қилиши сабабли Жанубий Корея F-35’дан яна сотиб олиши аён бўлган. Дастлаб Сеул ушбу самолётдан 60 та сотиб олмоқчи бўлган, бироқ АҚШ самолёт нархини туширишдан бош тортган, Жанубий Кореяда эса кўпроқ маблағ ажратишга имкон бўлмаган. Натижада самолётлар сонини 40 тагача туширишга тўғри келган.

Сеулнинг яна 40 та F-35 сотиб олиш режаси ҳақида “Чунан Ильбо” нашри маълум қилган. Бу ҳақда нашрга хабар қилган ҳарбий манбанинг таъкидлашича, шартнома қиймати 8 трлн вон ёки 6 млрд 700 млн долларга баҳоланмоқда. Жанубий Корея Lockheed Martin концернидан F-35’нинг “А” ва “В” модификациясидан сотиб олмоқчи. Самолётнинг “А” модификацияси қуруқликдан ҳавога кўтарилувчи стандарт кўриниши ҳисобланади. “В” модификацияси эса кемалардан ҳавога кўтарилишга мослаштирилган. F-35В қисқа йўлакдан учиб, вертикал қўна олади. Шу сабабли ундаги қуролнинг бир қисмини олиб ташлашга тўғри келган, нархи эса F-35А’га нисбатан 30 фоиз қимматроқни ташкил қилади. 

Мавзуга оид