Ўзбекистон | 18:34 / 27.08.2020
92403
3 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors'нинг яна бир автомобили бўёғи сифатсиз чиқди. Автосалон харидорни айбдор қилди

«Янги «Lacetti»нинг бўёқлари олти ойга етди, холос. Автомашинанинг 30-40 йил хизмат қилган автоуловлардан сира фарқи қолмади. Истеъмолчи экспертиза ўтказилишини талаб қилди, аммо автомашина алмаштирилмади, аксинча истеъмолчи айбдор қилинди», деб хабар беради Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Тошкентда автосалондан янги «Lacetti» сотиб олган истеъмолчининг ҳуқуқи бузилгани ҳақида хабар берди.

Унга кўра, истеъмолчи З.А. харид қилган «Lacetti»нинг лак бўёқлари ҳар еридан кўчиб туша бошлаган. Аввал том қисми, олди капоти, кейинчалик бошқа устки қисмларида ҳам шундай бўлган.

Агентлик хабарига кўра, машина худди 30-40 йил хизмат қилгандек ҳолатга келиб қолган. Автосалон эса жиддий нуқсонга эга «Lacetti»ни кафолат муддатида янгисига алмаштириб бермаган. Аксинча, автомашинани ювиш жараёнида бўёғига шикаст етказган, деган баҳонани кўрсатган. Аммо истеъмолчи автомашинасини эҳтиётлаб, нуқсонлар келиб чиқмаслиги учун ўз вақтида унга қараб турган.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг колл-маркази орқали келиб тушган мазкур мурожаат агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмасига йўналтирилди. Шундан сўнг «Uzauto Motors» АЖ ҳамда «Sergeli-Avtotexxizmat» МЧЖларга тегишли сўров хатлари юборилиб, уларни жалб этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида Чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 75-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида, масала ойдинлашди ва «Sergeli-Avtotexxizmat» МЧЖ ўртасида 2019 йил 23 сентябрда тузилган шартномага асосан нуқсонли автомобиль 2020 йил 18 август куни худди шундай янги «Lacetti L-Elegant/AT Plus» автомобилига (2020 йил 19 август ҳолатига 138 126 000 сўм) алмаштирилди ҳамда қайтадан расмийлаштириб берилди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz шу йилнинг март ва июль ойларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни ёритган эди. Танқидий мақолалардан сўнг дастлаб «Cobalt» олган андижонлик фуқарога, кейинроқ Тошкентда салондан янги «Lacetti» харид қилган шаҳрисабзлик фуқарога янги автомобиль берилди. Ҳар икки ҳолатда ҳам биринчи берилган автомобилнинг бўёғи сифатсиз бўлган.

Мавзуга оид