Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартиби жорий этилмоқда - Президент фармони
Президент “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Бўстонлиқ туманининг туристик йўналишдаги рақобатдош устунликларидан самарали фойдаланиш, ҳудуднинг ихтисослашувини аниқ белгилаш, туристик, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш учун 2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинмоқда.
Белгиланишича, алоҳида маъмурий-бошқарув тизими доирасида:
а) Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди, шунингдек, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бунда, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси:
туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, давлат бошқаруви органларининг туман бўлинмалари раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича таклиф киритади;
туман ҳокимлиги бошқарув аппарати ва давлат бошқаруви органлари туман бўлинмаларининг тузилмаларига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларини туманда масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилади, шунингдек, камчиликларга йўл қўйган масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўриш бўйича таклиф киритади;
б) Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида туманда жойлашган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объекти бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар, шунингдек, туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари Дирекцияга кейинчалик самарали фойдаланиш ва (ёки) реализация қилиш учун ўтказилади;
в) “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида жойлашган ҳамда ушбу банднинг “б” кичик бандига асосан Дирекцияга ўтказилган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини реализация қилиш Дирекциянинг қарорига асосан электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади;
г) эркин туристик зона ҳудудида жойлашган ер участкалари ер фондини бир тоифадан бошқасига ўзгартириш, уни туристик инфратузилмани ривожлантириш учун ажратиш эркин туристик зона Маъмурий кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади. Бунда, ер участкалари эгаларига Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларидан фаолият турига мос ер участкаси ва етказилган зарарни қоплаш назарда тутилади;
д) туманда жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини юритиш учун электрон онлайн аукцион орқали сотувга қўйиш Дирекция қарорига мувофиқ амалга оширилади;
е) эркин туристик зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини сотиб олган инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштирилади;
ж) туманда (эркин туристик зона ҳудудида жойлашган ер участкалари бундан мустасно), шу жумладан, ўрмон фонди ерларида ер участкаларини ажратиш, кўчмас мулкни бузиш, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани қуриш билан боғлиқ қарорлар Дирекция билан мажбурий тарзда келишилади;
з) туман ҳокими тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилади;
и) барча давлат бошқаруви органларининг республика даражасидаги раҳбар (ўринбосар)ларидан бири бир вақтнинг ўзида уларнинг тумандаги тегишлича ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун бириктирилади;
к) Дирекция директорига қуйидаги ваколатлар берилади:
хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари билан инвестиция, кредит, молиявий ёрдам ва грантлар жалб этиш бўйича келишувлар (меморандум, шартномалар) тузиш;
туманда жойлашган ер участкалари ва давлат мулки объектларини реализация қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
ҳудудда жойлашган давлат мулки объектларини гаровга қўйиш орқали кредитлар олиш ва жалб қилиш;
ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида нуфузли консалтинг компаниялари, ҳудудда барпо этилаётган йирик объектларни лойиҳалаш ва қурилиш ишларига нуфузли хорижий лойиҳа ва пудрат компаниялар ҳамда малакали экспертларни жалб қилиш;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида эркин туристик зона ҳудудида яшил зоналарни ташкил қилиш, айрим ҳудудларда эса табиатга зарар келтирадиган хўжалик фаолиятини, шу жумладан, чорвачилик, деҳқончилик, янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш тақиқланган зоналарни белгилаш;
аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган айрим давлат хизматларини аутсорсинг тизими асосида ташкил этиш;
аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объектлари бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектларни ишончли бошқарув шартномаси асосида бошқарув компанияларига бериш.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:
туманда лицензия ва рухсатнома беришдан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жаримадан республика ва вилоят маҳаллий бюджетига тушадиган маблағлар ва божлар тўлиқлигича туман маҳаллий бюджетига;
туман ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш харажатларидан ташқари), шунингдек, ер участкаларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар тўлиқ Жамғармага йўналтирилади.
Алоҳида маъмурий-бошқарув тизими даврида туман ҳокимлиги фаолиятининг самарадорлиги қуйидаги асосий кўрсаткичларни ўз ичига олади:
аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш;
илғор хорижий тажрибага асосланган замонавий бошқарув тизимини жорий этиш;
ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, шу жумладан, таъмирталаб таълим, тиббиёт ташкилотларини зарур анжомлар, буюмлар, алоқа ва коммуникация воситалари билан таъминлаш;
туман иқтисодиётига инвестицияларни, хусусан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши ҳамда маҳсулотлар (хизматлар) экспортини ошириш;
тадбиркорликни ривожлантириш орқали маҳаллий бюджетнинг даромадини кўпайтириш, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини камайтириш;
йўл-транспорт, ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини ривожлантириш, жумладан, ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда ахборот-телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш;
экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, шу жумладан, чиқиндиларни замонавий утилизация қилиш тизимини йўлга қўйиш.
Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) бир ой муддатда туман ҳокимлиги фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини (KPI) тасдиқлайди.
Туман ҳокимлигига қуйидаги қўшимча асосий устувор вазифалар юкланди:
кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш;
хусусий секторда туризмни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида кенг тарғиб қилиш;
замонавий туристик инфратузилма объектлари (меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар, ресторан ва кафелар ҳамда туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар)да туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаган ҳолда махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш;
туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш ва лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш, шу жумладан, туризмни ривожлантириш учун мўлжалланган ер участкаларини зоналар ва лотларга ажратиш ишларини ташкил этиш;
туманнинг туристик салоҳиятини ривожлантиришда ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;
туристик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратиш;
транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини оширишни таъминлаш;
туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини туманда диверсификация қилинишини таъминлаш;
республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қаноатлантиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминловчи туманнинг ички туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш;
ташриф буюрган туристларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни синов тариқасида жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизимни яратиш;
туманда истиқомат қилувчи аҳолини туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш чораларини кўриш;
туманда ишлаб чиқилган туризм маҳсулотларининг халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилинишини таъминлаш, туманнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз ҳудуд сифатидаги имижини мустаҳкамлаш;
халқаро рейтингларга асосан туризмни ривожлантиришга етакчи хорижий мамлакатлар, жумладан, Туркия, Франция, Испания, Швейцария, Япония ва Корея Республикаси каби мамлакатлардан мутахассисларни жалб қилиш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этган ҳолда жисмоний тарбия-соғломлаштириш спорт базаларини ҳамда нуфузли халқаро спорт мусобақалари ўтказишга мўлжалланган ёзги ва қишки спорт объектлари ва иншоотларини барпо этиш чораларини кўриш;
тумандаги спорт базалари ҳамда спорт объектлари ва иншоотларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш, спорт турлари бўйича маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини, шунингдек, нуфузли халқаро спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали спорт туризмини ривожлантириш;
оммавий ва профессионал спортни, шу жумладан, ёзги ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш;
туристик ва ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, ушбу йўналишга халқаро молия институтлари грантлари ва маблағларини жалб этиш ҳамда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш.
Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов):
а) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:
инвестицияларни, айниқса тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш, туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш;
туманда янги туристик ва ижтимоий инфратузилма объектлари, шу жумладан, меҳмонхона, умумий овқатланиш, маданий кўнгилочар масканлари, дам олиш ва сайил қилиш учун яшил зоналар, парклар сонини кескин кўпайтириш, соҳада янги хизматлар турларини кенгайтириш, транспорт ва логистикани ривожлантириш;
йўл-транспорт, ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини ривожлантириш, жумладан, ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш;
туманнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, тоғли ва олис қишлоқларида ахборот-телекоммуникация тармоқларини қуриш, ахборот, алоқа, интернет хизматлари сифатини ошириш;
ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш орқали аҳоли турмуш тарзини яхшилаш;
б) илғор хорижий тажрибани ўрганиш якунлари бўйича мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун 2020 йил 1 декабрга қадар туманда мутлақо янги ўзини ўзи бошқариш тизимини жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритади.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
18:10 / 04.11.2024
Бўстонлиқда тоғ эчкисини овлаган браконер ушланди
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
18:27 / 09.09.2024