Ўзбекистон | 21:37 / 28.08.2020
3428
2 дақиқада ўқилади

Экспорт ва инвестициялар бўйича ҳукумат комиссияси Қорақалпоғистонга борди

Президентнинг 18 августдаги фармони билан, экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилган эди. Комиссияси раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди.

Қорақалпоғистонда 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида 7,8 трлн сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Мазкур ташриф доирасида комиссия аъзоси – Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Салиев 28 август куни бир қатор ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан учрашувлар ўтказди. Ўрганиш ишлари давомида бир қанча ечилиши керак бўлган муаммолар аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Масалан, Мўйноқ туманидаги наслли қора молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи «Mo'ynoq Agro Snab» ф/х қўшни Қирғизистон корхонаси билан наслли қора мол ва қўйларни сотиб олиш учун қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг бўлган шартнома тузган.

Аммо тадбиркор коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида жорий қилинган чекловлар сабабли шартнома доирасида етказиладиган наслли қора мол ва қўйларни саралаб олиши учун Қирғизистонга бора олмаяпти.

Йилига 146 миллион дона шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш қувватига эга «Nukus Med Tex» қўшма корхонаси вакиллари эса ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини олишда вақтдан ютқазишмоқда. Чунки мазкур сертификатларни берувчи Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг ҳанузгача Нукус филиали ташкил этилмаган. Корхона эгалари эса қўшимча вақт сарфлаб, ҳаражат қилиб марказнинг Хоразм филиалига мурожаат қилишмоқда.

Учрашувларда тилга олинган шу каби масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди, дейилади Давлат божхона қўмитаси Kun.uz'га берган маълумотда.

Мавзуга оид