Жаҳон | 23:50 / 28.08.2020
6095
2 дақиқада ўқилади

“Ишга чиқинг”: Британия ҳукумати одамларни ишга қайтишга чақирмоқда

Британия ҳукумати келаси ҳафта фуқароларни иш жойларига қайтишга чақирувчи кампанияни бошламоқчи. Centre for Cities таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, пандемия сабабли масофадан ишлаш режимига ўтган одамлардан 17 фоизигина август бошида ўз иш жойларига қайтган. 

Фото: REUTERS

Июль ойида Британия бош вазири Борис Жонсон мамлакатга иқтисодий пасайишни енгишда ёрдам бериш учун ҳамюртларини ўз иш жойларига қайтишга чақирган. Бироқ одамлар ўз саломатлиги учун хавотирланиб, иш жойларига қайтишга шошишмаяпти. 27 августда мамлакатда 1522 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, бу июнь ўртасидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Энди ҳукумат газета ва телевидение орқали офисда ишлаш руҳий соғлиққа ва кайфиятга ижобий таъсир қилиши ҳақида сўзламоқчи. Шу билан бирга, вазирлар уйда қолиб ишлашни давом эттирадиганлар иш жойларидан бўшатилишлари мумкинлигига шаъма қилиб қўймоқчилар. Бироқ бундай кампаниянинг йўлга қўйилишини мухолифат танқид қилмоқда. Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси бўйича вазир ишини назорат қилувчи “соядаги вазир” Люси Пауэлл бу кампанияни “виждонсизлик” деб атаган. 

“Ҳукумат пандемия вақтида одамларга бундай таҳдид қилаётганига ишониш қийин. Одамларни соғлиғи ва иши ўртасида танлов қилишга мажбур қилиш – виждонсизликдир”, деб айтган Пауэлл.

 

Мавзуга оид