Ўзбекистон | 09:20 / 28.08.2020
4882
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус билан касалланганларни даволашга мослаштирилган муассасалар фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланмоқда 

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мослаштирилган барча турдаги амбулатор ва стационар даволаш муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 4 августдаги 461-сонли қарорига (15 банд) мувофиқ ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мослаштирилган амбулатор ва стационар даволаш муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқланиши таклиф этилмоқда.

Ушбу Низомга мувофиқ коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мослаштирилган амбулатор ва стационар даволаш муассасалари фаолиятини ташкил этиш белгиланмоқда, яъни:

  • COVID-19 аломатларсиз шакли билан касалланган беморларни  саралаш, уй шароитида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш;  
  • амбулатор-поликлиника муассасалари негизида ташкил этиладиган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга ихтисослашган махсус поликлиникалар («COVID марказ») фаолиятини ташкил этиш;  
  • махсус поликлиниканинг асосий вазифалари,   
  • махсус поликлиникага беморларни келиш тартиби,
  • махсус поликлиниканинг иш тартибини ташкиллаштириш,  
  • ҳисоб ва ҳисобот,
  • коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мослаштирилган стационар даволаш муассасалар фаолиятини ташкил этиш. 

Шу билан биргаликда, ушбу Низомда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман тиббиёт бирлашмалари ва санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бошқармалари ва туман/шаҳарлардаги бўлимлари ҳамкорлик ишлари акс эттирилган бўлиб, таклиф этилаётган Низомга мувофиқ маълумотларни йиғиб бориш ва ўз вақтида юқори турувчи соғлиқни сақлаш органига юбориш таъминланади.

Қайд этилишича, ушбу қарор лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик актларига ўзгартириш ва тўлдиришлар киритилишини ва Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.

Мазкур қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига вазирлик ва идоралар билан келишиш ҳамда жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилган.

Қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиш эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемияга қарши кечиктириб бўлмайдиган зарур тадбирларни амалга ошириш имконини беради. 

Мавзуга оид