Ўзбекистон | 12:17 / 28.08.2020
2677
3 дақиқада ўқилади

«Маҳаллий кенгашлар депутатлари ролини кучайтириш асосий мақсадларимиздан бири» — Парламент депутатлари туманларга чиқишди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир гуруҳ депутатлари Самарқанд вилоятидаги туман ва шаҳарларда бўлиб, маҳаллий кенгашларнинг сессияларида туман раҳбарларининг ҳисоботларини тингламоқда.

Туманларда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, “темир дафтар”, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет давромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

Парламент аъзолари — Эркин Салихов, Ғайрат Абдиев ва Наврўз Ризаев 27 август куни Самарқанд, Тойлоқ, Ургут, Жомбой ва Булунғур туманларида бўлишди.

Жумладан, Самарқанд туманида ўтказилган маҳаллий кенгаш сессиясида  парламент аъзоси Ғайрат Абдиев аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ажратилган маблағ масаласига тўхталди.

«Давлат карантин даврида аҳолини пул воситасида ҳам қўллаб-қувватлади. Аммо қатор ҳудудларда маҳалла раислари томонидан йўл қўйилган турли ғайриқонуний ҳолатларга гувоҳ бўляпмиз. Баъзан маблағ муносиб бўлган одам қолиб муносиб бўлмаган оилаларга берилмоқда. Биз депутатлар, шунингдек, маҳаллий кенгашдан сайланган вакиллар ҳам бу ҳолатга кўз юммасдан, фаол бўлишларини истардик. Депутатлар ҳам бу борада ўрганиш натижаларини қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига бериши керак», — деди у.

Ғ.Абдиевга кўра, депутатлар ижтимоий тармоқларда фаол бўлишлари, ўзларининг тармоқдаги саҳифа ва каналларига эга бўлишлари, ОАВларда чиқиш қилиб туришлари лозим. Чунки ўзини сайлаган ҳар битта фуқаро билан учрашиб туриш имконсиз бўлгани учун мазкур воситалардан фойдаланиш айни муддао.

Жомбой туманида бўлган Қонунчилик Палатаси депутати Эркин Салихов ташриф моҳияти хусусида Kun.uz мухбирига сўзлаб берди:

«Жойларда бўлиб, маҳаллий кенгаш сессияларида иштирокимиз давомида бир неча масалалар таҳлил этилади. Биринчи навбатда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни яратиш орқали бюджет маблағларини ошириш, хориждан келган фуқароларни иш билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилади ва муаммолар таҳлил этилади. Туманларга сафаримиз давомида ўрганилган муаммоларни таҳлил қилиб раҳбариятга етказишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари, туман, шаҳар кенгашлари депутатларининг ролини кучайтириш бундан кейинги асосий мақсадларимиздан бири бўлмоқда. Бу борада қонунчиликда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Биргина мисол, эндиликда туман ҳокимлиги захирасига ерларни қайтариш ваколати ҳокимлардан олиниб маҳаллий кенгашларга берилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бир қаторда фаол бўлиш учун депутат ҳар бир соҳа бўйича тўлиқ тушунчага, статистик маълумотларга эга бўлиши, таҳлил қила олиши керак», — дейди Э.Салихов.

Парламент аъзолари ҳар бир туманда ўтган сессияларда маҳаллий кенгаш депутатларига мурожаат қилиб юқоридаги муаммоларга бефарқ бўлмасликка ҳамда фаолликка ундади.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид