Ўзбекистон | 18:26 / 28.08.2020
3120
2 дақиқада ўқилади

Тест синовлари вақтида Самарқандда абитуриентлар учун 12 та махсус автобус линияси ташкил этилади

2-12 сентябрь кунлари йўловчилар оқими кескин суръатда ўсишини инобатга олиб Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автобус йўналишлари жадвалига ўзгартириш киритмоқда. Чунки бу вақтда ҳам абитуриентлар, ҳам бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатиш керак.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, 11 кун давомида Самарқанд шаҳрида абитуриентларни манзилга етказиш учун алоҳида йўналишлар ташкил қилиниши белгиланди. Ушбу йўналишларда автобуслар эрталабки 05:00 дан кечки 21:00 гача ҳаракатланади. 

Шунингдек, йўл кира нархи сунъий равишда оширилишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 12 та ҳудудида фақат абитуриентлар учун автобуслар линиялари ташкил этилади. У ердан автобуслар имтиҳонлар ўтадиган 7 та объект томон ҳаракатланади. Бу 12 та ҳудуд туманлардан шаҳарга келувчи маршрутларнинг тўхташ бекати ҳисобланади ва улар атайин туманлардан келувчи абитуриентлар учун ташкил этилган.

▪️Ушбу қўшимча автобуслар линиялари қуйидаги ҳудудлардан ҳаракатланади:
▪️Даҳбет кўчасида (Банк коллежи олдида);
▪️Университет хиёбонида («Регистон Плаза» меҳмонхонаси олдида);
▪️Сиёб АББда (Кафтархона);
▪️Тарих музейи олдида («Поворот»);
▪️Ҳазора АББда;
▪️Буюк Ипак йўли кўчасида (Нарпай кўчаси чорраҳаси);
▪️Сартепа масканида (Туризм коллежи олдида);
▪️Фарҳод шаҳарчасида (Ширин МФЙ);
▪️Қорасув масканида;
▪️Улуғбек расадхонаси олдида;
▪️Сиёб бозорида (йўл ўтказгич кўприк ости);
▪️Кимёгарлар шаҳарчасида («Нурафшон» ўйингоҳи олдида) ташкиллаштирилади.

Ҳар бир автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида махсус йўл кўрсатгичига эга бўлади. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин. Автобусларга 25 нафардан ортиқ йўловчи ташиш таъқиқланади. Ота-оналар ёки бошқа ҳамроҳлар автобусларга чиқарилмайди.

Автобусларнинг санитария қоидаларига риоя қилиши, йўловчилар сони вилоят транспорт бошқармаси масъул ходимлари ҳамда инспекторлари томонидан назорат қилинади.

Ўз навбатида, аҳоли учун жамоат транспорти одатдаги жадвал бўйича хизмат кўрсатишда давом этади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид