Жамият | 17:09 / 29.08.2020
4846
2 дақиқада ўқилади

Асакада уй-жойга кириб, босқинчилик қилган шахслар қамоққа олинди

2020 йилнинг 24 август куни соат 22:30да икки нафар номаълум шахс юзларига ниқоб тақиб, Андижон вилояти Асака тумани Отиш МФЙ Қўрғонолди кўчасида яшовчи 28 ёшли И.Н.нинг яшаш хонадонига девор ошиш йўли билан ғайриқонуний равишда кирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар И.Н.нинг қўли ва оғзини скотч билан боғлашиб, унинг юзи ва танаси бошқа жойларига қўллари билан уришиб, пул беришини талаб қилишган ва хонадон эгаси фаол қаршилик кўрсатганлиги сабабли ҳодиса жойидан яширинганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида, қонга ўхшаш доғлар, бир дона чалабзар пичоқ ҳамда оёқ изи мавжуд бўлган тюнер аппарати, скотч бўлаклари ҳодиса содир бўлган жойидан 250 метр узоқликда йўл четида қўлбола усулда тикилган бир дона оқ-қора рангли ниқоб ва қонга ўхшаш доғлари бўлган бир жуфт оқ рангли резина қўлқоп борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни 19 ёшли Р.М. ва Т.А. содир этганлиги аниқланиб, фуқаро Т.А.дан қўлбола усулда тикилган бир дона оқ рангли ниқоб ва бир дона оқ рангли резина қўлқоп расмийлаштириб олинган. 

Шунингдек, Р.М. ва Т.А. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид