Ўзбекистон | 21:11 / 29.08.2020
6608
2 дақиқада ўқилади

Булоқбошида сессия: “Темир дафтар”га киритишнинг меъёри борми?

Халқ депутатлари Булоқбоши тумани Кенгашининг навбатдаги ўнинчи сессиясида сектор раҳбарлари депутатлар ҳамда тумандаги ташкилот, корхона раҳбарлари  олдида ҳисобот бердилар.

Булоқбоши туманидаги 37 та маҳаллада истиқомат қилувчи 142 минг 195 нафар аҳолининг 8 минг 776 нафари ишсиз ҳисобланиб, ишсизлик даражаси 13,6 фоизни ташкил этади. Туман ҳокими Ў. Мамуров инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фермер хўжаликлари, музлаткич омборлари ҳамда ижтимоий объектларда хизмат кўрсатишни ташкил этиш ҳисобига яратилаётган 7минг 801 та бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, ҳудуддаги 787 хонадон “темир дафтар”га киритилган. Ўтган даврда шундан 118 оила аъзоларини тадбиркорликка йўналтириш, ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлаштириш эвазига ойлик даромадларини 3 миллион сўмдан оширишга эришилди.

Сессия давомида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муборакхон Холмирзаева йиғилганларга “Темир дафтар”га киритишнинг меъёри борми? деган саволни ўртага ташлади. Унинг сўзларига кўра, баъзи оилаларда ногирон фуқаролар бор. Турмуш шароити эса бошқаларникидан яхши. Оиланинг бошқа аъзолари даромади етарли. Шундай бўлса-да, баъзилар рўйхатга киритишни талаб қиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Тўлқин Каримов ҳозирда шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳисоботларни электрон юритиш масаласида иш олиб борилаётганлигини таъкидлади. Депутатнинг фикри таклиф сифатида қайд этилди.

Шунингдек, сессияда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилиб қайтган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш каби масалаларда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Жаҳонгир Содиқжонов

Мавзуга оид