Жаҳон | 21:39 / 31.08.2020
20558
2 дақиқада ўқилади

Болтиқ давлатлари Лукашенкони “персона нон грата” деб эълон қилди 

Фото: AP

Болтиқ давлатлари - Латвия, Литва ва Эстония Беларусь президенти Александр Лукашенко ва беларуслик яна 29 расмий шахсга ўз ҳудудларига киришни тақиқлади. Бу ҳақда ушбу давлатлар ташқи ишлар вазирликлари эълон қилди. 

Таъкидланишича, Беларуснинг 30 нафар мансабдор шахсига ноаниқ муддатга Болтиқ давлатлари ҳудудига кириш тақиқланган.  

Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалнинг таъкидлашича, Болтиқ давлатлари бу санкциялар билан Беларусда юз бераётган воқеаларга жиддий муносабатда эканини кўрсатмоқчи бўлган. Ушбу давлатлар раҳбарлари Беларусь раҳбариятини инсон ҳуқуқларини бузишда айбламоқда. 

“Қора рўйхат”га Лукашенкодан ташқари Беларусь марказий сайлов комиссияси вакиллари, Беларусь президенти маъмурияти ходимлари, куч тузилмаларининг бир қатор юқори лавозимли шахслари тушган.

Болтиқ давлатлари ушбу санкцияларни киритиш ҳақидаги қарорни 21 августда қабул қилган, бироқ “қора рўйхат” бўйича келишувга эришиш ва уни раҳбариятга тақдим этиш учун 10 кун вақт кетган.

Мавзуга оид