Ўзбекистон | 22:54 / 31.08.2020
13104
2 дақиқада ўқилади

Наманган–Андижон электрлаштирилган темир йўл линияси ишга тушди (видео)

Маълум вақт Наманган ва Андижон ўртасида поездлар ҳаракати тўхтатилган эди, янги лойиҳа доирасида мазкур линия таъмирланиб, тўлиқ электрлаштирилди. Эндиликда электропоездлар қатновини сентябрь ойидан бошлаш режалаштирилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ мутахассиси Раҳматжон Зоҳидовнинг айтишича, Наманган-Андижон темир йўл линиясининг очилиши водий халқи учун анча қулайликлар яратади.

«Вагонлар кондиционер, юмшоқ ўриндиқ ва телевизорлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, йўл ҳақи ҳам ҳамёнбоп. Масалан, Қўқондан Марғилон шаҳригача электропоездда бориш 5 минг сўм, Андижондан Қўқон шаҳригача 7 минг сўм.

31 августдан йўлга қўйилаётган Наманган–Қўқон йўналишининг йўл ҳақи 5 минг сўм қилиб белгиланган. Буни автотранспорт билан таққослайдиган бўлсак, ҳозирда бу йўналишларга таксида бориш 25-30 минг сўмга тушади», деди у.

Унинг сўзларига кўра, сентябрь ойидан Наманган–Тошкент йўналиши бўйича ҳам электропоездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.

«2021 йилда эса Наманган–Андижон ҳалқа йўли бўйлаб тезюрар поездлар қатнови амалга оширилиши кўзда тутилган. Келажакда водий билан МДҲ давлатларига халқаро поезд қатновларни амалга оширамиз», – деди Раҳматжон Зоҳидов.

Наманган–Андижон темир йўл линиясида таъмирлаш ишларидан ташқари, қатор қурилиш ишлари ҳам бажарилган. Хусусан, 7 км.лик янги айланма йўл, 6та кўприк, 13 сув иншооти ҳамда 2та замонавий темир йўл кесишмаси қуриб битказилган.

Водий темир йўл халқасининг янги электрлаштирилган қисми узунлиги 100,6 км.ни ташкил этади. Линиянинг умумий масофаси эса 331,6 км.

Темир йўлларнинг электрлаштирилгани дизель ёқилғисида ҳаракатланаётган тепловозлар ўрнини замонавий электровозларга алмаштиришга имкон беради.

«Тепловозлардан фойдаланиш даври ўтди» — Водийдаги темир йўллар тўлиқ электрлаштирилди

Мавзуга оид