Жаҳон | 23:27 / 01.09.2020
13949
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Беларусь туфайли Россияга санкция киритиши мумкин

Фото: AP

27 август куни Владимир Путин Россияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан захира кучлари шакллантирилгани, улар зарурият бўлганида Беларусга ёрдам бериши мумкинлигини айтганди.

Агар Россия Беларусь инқирозига янада очиқчасига аралашадиган бўлса, АҚШ унга қарши янги санкциялар киритишни кўриб чиқади. Бу ҳақда Америка маъмуриятидаги манбасига таяниб Reuters хабар берди

27 август куни Россия  президенти Владимир Путин Беларусь президенти Александр Лукашенконинг илтимосига биноан Россияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан захира кучлари шакллантирилгани, улар зарурият бўлганида қўшни мамлакатга ёрдам бериши мумкинлигини айтганди.

Кейинроқ Лукашенко Путиннинг сўзларига изоҳ берди.

«Бу россияликлар Беларусни ҳимоя қилишни хоҳлагани учун эмас. Ўзимизни ўзимиз ҳимоя қила оламиз. Аммо агар оғзимизни очиб ўтирсак нима бўлишини Россия президенти билан биргаликда тушунамиз», — деди у ва Беларусь ҳарбий ҳаракатлар театрига айланиши мумкинлигини, бу мамлакат Ғарб учун Россияга ўтадиган «трамплин» эканлигини айтди.

Республикада уч ҳафтадан буён норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда: мухолифат амалдаги ҳукумат истеъфосини, президент сайлови қайтадан ўтказилишини талаб қилмоқда.

Намойишчилар 9 август куни бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини тан олишмаяпти. Сайлов натижаларига кўра, президентликка олтинчи марта номзодини қўйган Лукашенко 80 фоиз овоз билан ғолиб бўлган.

Мавзуга оид