Жаҳон | 22:16 / 01.09.2020
21299
5 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистонда кенг миқёсдаги ислоҳотлар бошланганини эълон қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 1 сентябрь куни парламентга мурожаат билан чиқди. У ўзининг бир ярим соатлик мурожаатида давлат бошқарувидаги амалдорлар сонини қисқартириш жараёнини тезлаштириш ва янги давлат тузилмалари ташкил этишга чақирди. Тўқаев шунингдек, сиёсий ислоҳотлар мавзусига ҳам тўхталиб ўтди.

Фото: akorda.kz

Сиёсий ислоҳотлар

«Мен давлат раҳбари сифатида кўппартиявийлик тизимини қўллаб-қувватлашим ва ривожлантиришим шарт. Биз бир жойда турмаймиз. Сиёсий тизимимизни янги воқеликларга мослаштиришимиз керак. Фуқаролик жамиятига сиёсий ислоҳотлар керак, шу боис улар албатта амалга оширилади. Демократиянинг асосий душмани – таълим кўрмаганлик ва популизм. Буни унутмаслик керак», — деди Тўқаев.

Қозоғистон президенти шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида янги чоралар зарурлигини айтди ва интернетдаги иғвогарликларга нисбатан фуқаролар учун, айниқса болалар учун қонунчилик чоралари зарурлигини айтди. 

Сиёсий ислоҳотлар ҳақида тўхталар экан, Тўқаев ҳокимларни тўғридан-тўғри сайлашни таклиф қилди, фақат ҳозирча фақат қишлоқлар учун. Бугунги кунда Қозоғистонда область ва республика аҳамиятидаги шаҳарлар ҳокимлари президент томонидан тайинланади ва бош вазир томонидан шаҳар ҳамда область кенгашларига тақдим этилади. Район аҳамиятидаги шаҳарлар, қишлоқ округлари, посёлка ва қишлоқлар ҳокимлари эса тегишли район депутатлари томонидан сайланади.

Маъмурий ислоҳотлар

Тўқаев мурожаатида давлат хизматчилари сонини қисқартириш жараёнини тезлаштириш топшириғини берди: бу йил 10 фоизга ва келгуси йил 15 фоизга.

«Пандемия ва давлат органларининг аксарият ходимлари масофадан ишлашга ўтиши давлат аппаратини қисқартириш мумкинлиги ва зарурлигини кўрсатиб берди», деди Қозоғистон президенти.

Унинг сўзларига кўра, тежалган маблағлар ҳисобига қолган давлат хизматчиларининг маошлари оширилади.

«Кам ҳақ оладиган давлат хизмати жамиятга жуда қимматга тушади. Буни тушунмаслик эса салбий селекция, ваколатлар, ташаббуслар йўқолиши ва энг асосийси, коррупцияга олиб келади», деди у.

Қозоғистон президенти шунингдек, вазирликлардаги масъул котиблар институтини йил охиригача тугатиш зарурлигини айтди, президентнинг билдиришича, вазирлар ва масъул котиблар орасида «тушунмовчиликлар» учраган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон давлат бошқарувининг «янги модели» ва давлат аппарати тизими «қайта юкланиш»га эҳтиёж сезаётганлигини таъкидлади.  

«Давлат режалаштириш тизимида бош режалаштирувчи ҳам, ижрочи ҳам, баҳоловчи ҳам ҳукуматнинг ўзи бўлиб қолган. Бу нотўғри», деди у.

Давлат хизматчилари сонини қисқартириш қарори фонида Тўқаев стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар бўйича агентлик тузиш топшириғини берди. У бу органни «ислоҳотлар бўйича президент олий органи» деб атади. Янги агентлик тўғридан-тўғри президентга бўйсунади. Унинг сўзларига кўра, агентлик таркибига миллий иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги статистика қўмитаси кириши лозим.

Тўқаев шунингдек яна бир – рақобатни ҳимоя қилиш агентлиги пайдо бўлишини эълон қилди – агентлик бозордаги монополияни қисқартириш билан шуғулланади. Президентнинг айтишича, тадбиркорлар хусусий монополиячиларга бўйсунишга мажбур, бунинг ортидан рақобатга қарши ҳолатлар пайдо бўлмоқда, бу айниқса кўмир, электр энергияси, нефть маҳсулотлари, алоқа, фармацевтика бозорларида ҳамда аэропортлар, уй-жой коммунал, логистика хизматларида кўзга ташланмоқда. Янги агентлик ҳам бевосита президентга бўйсунади.

Бундан ташқари, ИИВ соҳасида ҳам ислоҳотлар ўтказилади. Тўқаевнинг топшириғига кўра, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидан ажратилади. ФВВ 2014 йилда ИИВ таркибига киритилганди.

Иқтисодий ислоҳотлар

Тўқаев иқтисодиётнинг коронавирус пандемияси оқибатида жабр кўрган секторларидаги кичик ва ўрта бизнес субъектларига қўшимча ёрдам сифатида йиллик 6 фоизгача ставкада давлат субсидия ажратишини айтди. Субсидиялаш фавқулодда ҳолат режими эълон қилинганидан, яъни 16 мартдан бошлаб 12 ойлик даврни қоплаши лозим. Тўқаев шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун ижара тўлови ҳисоблашни йил охирига қадар тўхтатиб туриш топшириғини берди.

Тўқаев кредиторлар жавобгарлигини кучайтириш ҳамда ставкалар чегарасини пасайтиришни топширди. Унинг таъкидлашича, «фуқароларнинг молиявий жиҳатдан етарли даражада саводли эмаслиги уларга кредит маҳсулотларини тиқиштириш учун баҳона бўлмаслиги керак».

Кредитлаш масаласини ҳал қилиш учун Миллий банк тизимида пул-кредит сиёсати бўйича қўмита тузишга қарор қилинди.

Қозоғистон президенти шунингдек, тиббиёт ходимларига иккинчи ярим йиллик учун рағбатлантирувчи қўшимча маош сифатида бюджетдан 150 млрд тенге ажратиш топшириғини берди ҳамда 2021 йил январдан ўқитувчиларнинг маоши 25 фоизга оширилишини эълон қилди.

Мавзуга оид