Жаҳон | 23:59 / 02.09.2020
14965
2 дақиқада ўқилади

АҚШда учувчилар 900 метрдан юқорироқда реактив мосламада учаётган одамга тўқнаш келишди

Фото: NBC News

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида икки учувчи 900 метрдан юқорироқ баландликда орқага илиб олинадиган реактив мослама - жекпатда учиб юрган эркакни кўришган. ФҚБ ушбу ҳолат бўйича тергов бошлаган. Бу ҳақда  Fox News 11 нашри хабар берди

Эркак ҳақида биринчи хабар диспетчерларга American Airlines учувчиси томонидан келиб тушган. Учувчининг таъкидлашича, реактив мосламадаги эркак самолётдан 300 метр нарироқда учиб борган.

Кейинроқ шундай маълумотни SkyWest учувчиси ҳам берган. Эркак халқаро аэропорт яқинида бемалол учиб юрган. Шу сабабли диспетчерлар аэропортга яқинлашаётган самолётларни бундан огоҳлантира бошлашган.

“Тадқиқотларга кўра, реактив воситалар бундай баланд уча олиши мумкин, бироқ бу ҳақиқатан ҳам мумкинми?”, деб савол билан юзланган нашр.

АҚШнинг фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси ушбу ҳодиса бўйича иш маҳаллий полицияга тергов учун берилганини маълум қилган. Бу орада Martin Aircraft авиация-космик компаниясида таъкидланишича, жетпаклар энг кўпи билан 800 метргача кўтарилиши мумкин. Бундан ташқари, мослама бундай баландликда узоқ қололмайди. 

Маълумотларга кўра, 2015 йилда швейцариялик учувчи Ив Росси жетпакда 1000 метрдан юқорироқда Airbus A380 самолёти ёнида учиб борган. Бироқ у бу трюкни бажариш учун муайян баландликда самолёт ёки вертолётдан сакрайди ҳамда унинг барча парвозлари олдиндан келишилган бўлади.

Февралда Дубайда Винс Реффет исмли скайдайвер реактив мосламада 1,8 км баландликка кўтарилган. Унинг парвози 3 дақиқа давом этган. Ўшанда учувчининг баландликка кўтарилиши тезлиги 240 км/соатни ташкил қилган. Реффет бундай юқори баландликка эришгач, парашютни очиб, у ёрдамида қўнган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид