Иқтисодий ўсишни тиклаш бўйича амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси ҳамда иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ”йўл харитаси” тасдиқланди.
Амалий ҳаракатлар режасининг асосий мақсад ва вазифаларида кўрсатилишича, келгуси даврнинг асосий чекловлари ва таҳдидлари қуйидагилар ҳисобланади:
1. Маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқарилишининг чекланиши. Бунинг олдини олиш учун карантин даврида хўжалик фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келганларга алоҳида эътибор бериб, корхоналарнинг хўжалик фаолиятини тезроқ тиклаш зарур. Муаммони ҳал этиш иқтисодиётга молиявий маблағларни, шу жумладан, инвестиция ссудалари бўйича қарзларни узайтириш ва айланма маблағлар сифатида ”тез пуллар”ни ажратишни талаб қилади.
2. Аҳоли даромадларининг пасайиши, ишлаб чиқариш занжиридаги узилишлар туфайли ички талабнинг чекланиши. Муаммонинг ечими корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, янги иш ўринлари яратиш ва тиклаш, кейин эса аҳоли даромадларининг ўсиши билан боғлик ҳисобланади.
3. Карантин чораларини либераллаштириш ва коронавирус инфекциясининг тарқалиш даражаси юқори бўлган мамлакатлардан одамларнинг кўчиб ўтишига йўл қўймаслик учун ташқи чегараларнинг ёпилиши билан коронавирус инфекциясининг аҳоли орасида тарқалиши хавфи. Муаммонинг ечими маълум санитария-гигиена меъёрлари ва чекловларининг сақланишида (айниқса, оммавий тадбирлар пайтида, мамлакат ташқарисидан кирганда ва ҳоказо) ва беморларга зарур тиббий ёрдамни кенгайтиришда намоён бўлади. Коронавируснинг сайёрада тарқалишининг давом этишини ҳисобга олиб, ягона усул - бу ўз вақтида ташхис қўйиш ва самарали даволанишни ўрганиш ҳисобланади.
4. Бюджет тақчиллигининг ошиши ва ташқи давлат қарзининг ўсиши, макроиқтисодий барқарорлик хавфларининг намоён бўлиши. Жаҳон ишлаб чиқаришининг кескин пасайиши ва глобал иқтисодий тикланиш истиқболлари тўғрисида ноаниқликнинг юқори даражаси кўплаб давлатларни иқтисодиётда аҳолини ва ялпи талабни қўллаб-қувватлаш учун бюджет харажатларини (шу жумладан, ташқи қарз маблағлари ҳисобига) кўпайтиришга мажбур қилмоқда.
Ташқи қарзнинг ўсишини олдини олиш учун асос яратиш, хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун шароитни яхшилаш қисқа ҳамда узоқ истиқболда инқироздан кейинги тикланиш иқтисодиёт барқарор ривожланишининг асосий шартлари ҳисобланади.
Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни либераллаштириш (жумладан, энергия ресурслари бозори) соҳасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, рақобат муҳитини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлат секторининг улушини камайтиришни талаб қилади ва ўpтa муддатли истиқболда хорижий инвестицияларнинг барқарор ўсишига ёрдам беради.
5. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида потенциал инвесторларнинг молиявий аҳволи ёмонлашиши натижасида юзага келадиган инвестицияларга, айниқса, ташқи сармояларга чекловлар. Ҳозирги вазиятда маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан тенг инвестиция шароитларини яратиб, маҳаллий сармоядорлар учун рағбатлантириш ва инвестиция имкониятларини кучайтиришни талаб қилади.
6. Жаҳон молиявий инқирози сабабли ташқи талабнинг чекланиши ва ўзбек маҳсулотларини импорт қилувчи мамлакатлардаги инқироз. Россия, МДҲ, мамлакатлари ва Хитойдаги иқтисодий пасайиш Ўзбекистондан асосий маҳсулотлар: табиий газ, мева-сабзавот, тўқимачилик, электротехника, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар экспортининг физик ҳажмини камайиши, шунингдек, асосий экспорт маҳсулотлари: пахта ва тўқимачилик, табиий газ, мис нархларининг пасайиши билан боғлиқ.
Муаммо экспорт географиясини кенгайтиришни жадаллаштириш, Европа ва Осиё бозорларига чиқиш, шунингдек, экспорт қилувчиларни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни давом эттириш, жумладан, давлат бюджетидан транспорт ҳаражатларининг бир қисмини субсидия қилиш орқали бартараф этилади.
7. Бандлик муаммоси, жумладан, меҳнат миграцияси имкониятларининг қисқариши ҳамда камбағалликнинг ошиши Ўзбекистон учун катта таҳдид ҳисобланади. Иқтисодиётнинг олдида турган ҳозирги турли таҳдид ва муаммоли вазиятни инобатга олиб, амалий ҳаракатлар режаси ҳукумат, барча вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун:
1) коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт ва аҳоли учун салбий оқибатларини бартараф этиш (тиклаш нуқталари);
2) тизимли ислоҳотларни давом эттириш учун шароитларни яратиш;
3) иқтисодиёт ривожига қўшимча туртки берадиган янги имкониятлар ва захираларни аниқлаш (“ўсиш нуқталари”).
Амалий ҳаракатлар режасини икки босқичда амалга ошириш таклиф этилади:
1-босқич - 2020 йил охирига қадар - барқарорлаштириш ва тикланган ўсиш.
2-босқич - 2021 йилдан бошлаб 5,0-5,5 фоиз барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлайдиган, 2020-2021 йиллар давомида коронавирус пандемиясининг оқибатларини мослаштириш билан тизимли ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган чоралар.
Шу билан бирга, ташқи таъсирнинг давомийлиги ва пандемиянинг иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва секторларига (туризм, транспорт, экспорт) таъсирини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг инқирозгача бўлган тенденцияларига чиқиш 2021 йилдан ўтиши мумкин.