Иқтисодиёт | 15:57 / 03.11.2021
14242
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодий ўсиш даражаси 2022 йилда 5,5-6,5 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда – Марказий банк

Марказий банк прогнозларига кўра, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2022–2024 йилларда йиллик 10-12 фоизга, 2022 йилда экспорт (олтинсиз) ҳажми 20-25 фоизга, импорт ҳажми 10-12 фоизга ортиши кутилмоқда.

Фото: depositphotos.com

Марказий банк «Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023–2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»нинг дастлабки концептуал лойиҳасини маъқуллади.

Унга кўра:

Экспорт ва импорт

Ташқи талабнинг ортиб бориши, асосий экспорт товарлари бўйича нархларнинг қулай шаклланиши ва реал самарали алмашув курсининг фундаментал тренд доирасида тебраниши фонида экспорт (олтинсиз) ҳажми 2022 йилда 20-25 фоизга, 2023–2024 йилларда 15-22 фоиз атрофида ўсиб бориши прогноз қилинмоқда.

Бунда келгуси йилда ҳам биржа товарлари нархларининг ижобий кутилмалари сабабли рангли металлар ва текстиль маҳсулотлари экспортининг юқорироқ суръатларда ўсиши айтилган.

Ўз ўрнида ички ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига мутаносиб равишда импорт ҳажми ҳам ўсиб боради. Импорт ҳажмининг 2022 йилда 10-12 фоиз, 2023 йилда 13-17 фоиз, 2024 йилда 9-10 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилинмоқда.

Импорт таркибида машина ва ускуналар импортининг юқори улуши сақланиб қолади ва ўрта муддатли истиқболда хомашё импорти ошиб боради.

Пул ўтказмалари

Асосий савдо ҳамкорларда иқтисодий ўсиш суръатларининг тикланиши ва миллий валюталари алмашув курсининг барқарор бўлиши, ўз навбатида, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг 2022–2024 йилларда йиллик 10-12 фоизга ортишига хизмат қилиши мумкин. Бунда Россия ва Қозоғистондан пул ўтказмаларининг жами улуши юқори бўлиб, пул ўтказмалари ҳажми кўп жиҳатдан ушбу давлатларда макроиқтисодий жараёнларнинг шаклланишига боғлиқ бўлади.

Ички иқтисодий ўсиш

Иқтисодий ўсиш даражаси 2022 йилда 5,5-6,5 фоиз, 2023–2024 йилларда 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Асосий сценарий доирасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг драйвери сифатида хусусий ички ва ташқи инвестициялар ва иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар қаралмоқда.

Асосий капиталга йўналтириладиган инвестициялар ҳажми 2022 йилда 6,3-8,4 фоизга, 2023 йилда 8,5-10,3 фоизга ўсиши ва 2024 йилда ушбу ўсиш суръатлари 9,4-11,2 фоизгача етиши прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, нефт нархининг (Брент маркаси) 2022–2023 йилларда 1 баррели учун ўртача 65-80 доллар доирасида шаклланиши кутилмоқда. Бу ўз навбатида, ички бозорда ёқилғи маҳсулотлари нархи шаклланишида асосий омил бўлади ва бензин нархларининг ҳозиргига нисбатан арзонлашишига олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид