Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иқтисодий кучлар тақсимоти: АҚШ олдинда, Европа секинлаяпти, Ҳиндистон тезлашяпти
Visual Capitalist портали мутахассислари тайёрлаган янги инфографика 2025 йилда жаҳон иқтисодиётининг ҳолатини акс эттиради ва Халқаро валюта жамғармасининг World Economic Outlook ҳисоботининг сўнгги сонидаги прогнозларга асосланган.
Қиймати 30,6 трлн доллар бўлган АҚШ иқтисодиёти Хитой, Германия ва Япония иқтисодиётларининг жами ҳажмидан устун. Мамлакатнинг реал ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) эса бу йил 2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Маълумки, АҚШ иқтисодиёти сўнгги чорак асрда реал, инфляцияга мослаштирилган ҳисобда деярли 70 фоизга ўсган. Ўртача йиллик ўсиш суръати 2,1 фоизни ташкил этган — бу замонавий даврдаги ўнта энг йирик иқтисодиёт орасида учинчи натижа.
Таққослаш учун: шу 25 йиллик даврда Ҳиндистон уч мартадан ортиқ тезроқ ўсган, бу эса унинг ЯИМни 4,1 трлн долларга етказиш имконини берган. Прогнозларга кўра, Ҳиндистон келаси йилнинг ўзида Японияни ортда қолдириб, дунёдаги тўртинчи иқтисодиётга айланади.
Германияда эса, аксинча, ўн йиллар давомида сезиларли даражада суст динамика кузатилмоқда. 2023 ва 2024 йилларда мамлакат иқтисодиёти қисқарган, бу йил эса ўсиш атиги 0,2 фоиз бўлиши кутилмоқда. Меҳнат унумдорлиги ўсиши заиф бўлган шароитда Германиянинг саноат сектори 2018 йилдан бери пасайиш ҳолатида.
Ўхшаш манзара Европанинг кўплаб бошқа мамлакатларида ҳам кузатилади: у ерда сўнгги 25 йилда ўртача ўсиш суръатлари 2 фоиздан ошмаган. Масалан, дунёда ҳажми бўйича саккизинчи иқтисодиёт саналадиган Италияда ЯИМ ўсиши ўртача атиги 0,4 фоиз бўлган, Францияда эса бу кўрсаткич тахминан 1,2 фоизни ташкил этган.
Россия иқтисодиёти 2,5 трлн доллар кўрсаткичи билан рўйхатда тўққизинчи ўринни эгаллайди.