Ўзбекистон | 09:15 / 03.09.2020
7891
4 дақиқада ўқилади

«Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонуннинг мақсади гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, тиклаш, консервациялаш ва тугатишда хавфсизликни таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назорати махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади, у:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидалари ва мезонларини ишлаб чиқишни ва тасдиқлашни ташкил этади;

гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тасдиқлайди ва хавфсизлик декларацияларининг мазмунига ва уларни тайёрлаш услубига қўшимча талабларни белгилайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда гидротехника иншоотлари техник ҳолатининг пухталигини ва улар ишининг хавфсизлигини экспертизадан ўтказади;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш, гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш топшириқларини, уларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини келишиб олишда, гидротехника иншоотларининг қурилиши сифатини назорат қилишда, уларни фойдаланишга қабул қилишда, шунингдек, гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини келишиб олишда қатнашади;

гидротехника иншоотларининг ҳолатини ҳамда улар ҳолатининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида кўрсатмалар беради, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолларда хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳақида таклифлар киритади;

гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва тўғоннинг уларга туташ бўлган қуйи ҳамда юқори ҳудудларидан хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланишга (сувни муҳофаза қилиш зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) ёки бошқа фаолият учун гидротехника иншоотларида авария хавфини оширмаган ҳолларда фойдаланишга розилик беради;

гидротехника иншоотларига кириш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги бўйича ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш;

гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва хавфсизлик назорати билан боғлиқ мутахассислар ва мансабдор шахсларнинг малакасини оширишга ёрдам кўрсатади;

дарёларнинг ўзанларида ва тўғоннинг уларга туташ қуйи ва юқори ҳудудларида сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни амалга оширувчи ёхуд хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолият юритувчи ташкилотларнинг фаолиятини, агар бундай фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, тақиқлайди ёки чеклаб қўяди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тақиқлаш ва чеклаш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари мустасно;

гидротехника иншоотларининг муҳофаза қилинишини ташкил этиш устидан назоратни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Махсус ваколатли органнинг гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги кўрсатмалари фойдаланувчи ташкилотлар ижро этиши учун мажбурийдир.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш қуйидаги асосий талабларга биноан амалга оширилади:

гидротехника иншоотлари хавфининг йўл қўйиладиган даражасини таъминлаш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларини тақдим этиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини даврий текшириш ва декларациялаш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг узлуксизлиги;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, шу жумладан, уларнинг хавфсизлиги мезонларини белгилаш, гидротехника иншоотларининг ҳолатини доимий назорат қилиш мақсадида уларни техника воситалари билан жиҳозлаш, гидротехника иншоотларига зарур малакага эга бўлган ходимлар хизмат кўрсатишини таъминлаш;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш хавфини энг кўп даражада камайтириш тадбирлар мажмуини олдиндан ўтказиш.

Гидротехника иншоотларининг лойиҳачилари қуйидагиларга мажбурдир:

янги гидротехника иншоотларининг қурилишини ва амалдаги гидротехника иншоотларининг реконструкциясини лойиҳалаштиришни Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ бажаришга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар, гидротехника иншоотларини қуриш (реконструкция қилиш) учун лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказилишида қатнашишга;

хавфсизлик режимида ва керак бўлганда каскад режимида гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидасини ишлаб чиқишга.

Мавзуга оид