Жаҳон | 09:06 / 03.09.2020
16589
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Россияни тўхтатиш учун Беларусь-Украина иттифоқини ташкил этишни таклиф қилган – Дональд Туск

Фото: Алексей Витвицкий / РИА Новости

Еврокенгашнинг собиқ президенти Дональд Туск 2014 йилда Беларусь президенти Александр Лукашенко Европа давлатлари етакчиларига Россияни тўхтатиш учун Беларусь-Украина иттифоқини ташкил этишни таклиф қилгани ҳақида маълум қилди. Туск бу ҳақда Onet порталига берган интервьюсида сўзлаб берди.  

Лукашенко бу иттифоққа ўзини раҳбар этиб тайинлашни таклиф қилган.

Тускнинг таъкидлашича, у ўшанда Польша бош вазири лавозимини эгаллаган вақтда Беларусь президенти унга қўнғироқ қилиб, Европа иттифоқи, Россия ва Украина ўртасида воситачи бўлишга тайёрлигини билдирган.

Тускнинг таъкидлашича, Лукашенко бу таклифни 2014 йил баҳорида билдирган. У иттифоқ тузилиши Россиянинг тажовузкор ниятларини тўхтатишнинг ягона йўли эканига шаъма қилган.

“Мен бу ҳақида аввал гапирмаган, чунки вазият шундай бўлган. Минск Украинадаги ўша “қайноқ” кезларда Европа иттифоқи, Россия ва Украина ўртасида воситачилик қилишга уринган пайтлари Лукашенко менга қўнғироқ килган. У ўзини Украина муаммосини ҳал қилиш кафили бўла олишига Европа иттиқофини кўндиришни ҳамда унинг Беларусь-Украина иттифоқини тузиш ғоясини қўллаб-қувватлашни таклиф қилган”, деб маълум қилган Туск интервьюда. 

Тускнинг фикрича, Лукашенко ҳокимиятни йўқотишдан қўрқиб шундай таклиф билан чиққан. Унинг таъкидлашича, ўшанда ҳамма Россия Қримнинг аннексияси билан тўхтаб қолмаслигидан хавотир қилган, Лукашенко эса воқеаларнинг назоратсиз тус олишидан ва унинг қурбонига нафақат Украина, балки Беларусь ҳам айланишидан қўрққан. Бу эса Беларусь президентининг якуни бўлишини англатган.

Айни вақтда Беларусда Лукашенкога қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчиларга қарши куч қўллангани сабабли АҚШ, Европа иттифоқи ва Британия Беларусга қарши санкциялар киритишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид