Ўзбекистон мева-сабзавотларини Буюк Британияга экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди
Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари Буюк Британияга экспорт қилина бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» инспекцияси матбуот хизмати раҳбари Дурдона Очилова Kun.uz’га маълум қилди.
Маълум бўлишича, бугун, 3 сентябрь куни «Ўздавкарантин» ҳамда Буюк Британия атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги (DEFRA) вакиллари иштирокида видеоконференция тарзида мулоқот ташкил қилинган.
Мулоқотда фитосанитария соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
«Видеоконференция доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Буюк Британия бозорларига олиб кириш учун қўшимча фитосанитария рухсатномаларини бериш ва инспекциянинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб борилди.
Таъкидлаш керакки, Буюк Британия томони Ўзбекистонда фитосанитария соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолади. Хусусан, сўнгги йилларда бу соҳада эришилаётган натижаларга тўхталиниб, Ўзбекистоннинг Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш конвенциясига қўшилиши, миллий стандартларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилгани ва бу орқали мамлакатимизда Ўсимликлар карантини соҳасининг янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди», – дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, онлайн мулоқот якунида британиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонда қўлланиладиган фитосанитария чоралари бўйича тақдим этилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра, анор, гилос, олхўри, нектарин, шафтоли, хурмо, олма, нок, узум, лимон, аччиқ қалампир ва помидор сингари жами 12 та маҳсулотни Буюк Британия бозорларига экспорт қилиш мумкинлиги айтилган.
Маълумот учун, ҳар бир экспортёр Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британияга олиб кириш учун РЕАСН – Буюк Британия боғдорчилик инспекцияси веб-сайтида рўйхатдан ўтиши керак бўлади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ҳудудларида ўсимликлар карантини лабораторияларини ташкил этиш учун грантлар ажратилиши масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, илмий фитосанитария соҳасида ҳам икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Мавзуга оид
12:50 / 04.11.2024
Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари Мўғулистонга экспорт қилинади
09:40 / 23.10.2024
Ўзбекистондан Кувайтга қуруқ мевалар экспорти ҳажми оширилади
21:40 / 02.10.2024
Қирғизистон Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилгани маълум бўлди
09:40 / 09.09.2024