Америкалик иқтисодчилар Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон муаллифлигидаги «Жамиятлар нега омадсизликка учрайди?» (Why Nations Fail) китоби нега баъзи давлатлар фаровонлик ва барқарорликни сақлаб қолиши, айрим мамлакатлар эса ҳарчанд ислоҳотларга уринса-да тараққий топмаслигининг илмий-иқтисодий сабабларини таҳлил қилади.

Китобда қатор олимларнинг бу борадаги назариялари кўриб чиқилган. Қуйида асарнинг асосий ғоялари – инсайтлари билан танишиш мумкин.

Инсайт №1. Мамлакат тараққиёти географик омилларга боғлиқ эмас

Мамлакатнинг ривожланиши ёки қолоқлашуви у жойлашган географик ҳудудга боғлиқ эмас. Бу назариянинг нотўғрилигини Ногалес штати мисолида кўриш мумкин. Шаҳар девор орқали иккига бўлинган – бир қисми АҚШнинг Аризона штатида, иккинчи қисми Мексиканинг Сонора штатида жойлашган. Мексика Ногалесида аҳолининг даромади АҚШ Ногалесига қараганда уч баравар кам, одамларнинг аксарияти мактаб таълимини тамомламаган, болалар ўлими ва жиноятчилик даражаси юқори, умр давомийлиги қисқа, инфратузилма хароб аҳволда, амалдорларнинг салоҳияти паст, коррупцияга мойиллиги юқори. Шаҳарнинг АҚШдаги қисмида бу ҳолатнинг айни тескарисини кўриш мумкин. Ногалес ҳудуд тараққиёти географик шароитга боғлиқлиги ҳақидаги қарашни йўққа чиқаради.

Битта шаҳарнинг икки қисмидаги бундай сезиларли фарқни нима билан изоҳлаш мумкин? 16-асрда Америка қитъасини мустамлака қилиш бошланди. Испанлар Жанубий Америка аҳолисини аёвсиз талашди, бир талай олтин-кумушга эга бўлгандан сўнг маҳаллий аҳолини эксплуатация қилишга йўналтирилган институтларни таъсис этишди. Ҳиндуларнинг ери олиб қўйилган, меҳнатга мажбурланган, солиқлар оширилган, нархлар кўтарилган, улар яратган маҳсулотлар тортиб олинган. Бу испан мустамлакачиларини бойитган бўлса-да, Лотин Америкасини тенгсизлик юқори, иқтисодий салоҳияти емирилган ҳудудга айлантирди.

Инглизлар мустамлака қилган Шимолий Америкада эса вазият сал бошқача кечди. 18-аср аввалидаёқ Англиянинг Америкадаги колонияларида ер мулкдорлари раҳбарлигида ассамблеялар ташкил топди. Бу ассамблеяларда аёллар, қуллар, ерсиз бўлган эркаклар иштирок эта олмас, мустамлакачилар маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ ҳуқуққа эга бўлса-да, айнан шу ассамблеялар негизида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири – АҚШ пайдо бўлди.

Инсайт №2. Маданий қадриятлар тараққиёт даражасини белгиламайди

Маданий детерминизм назариясига кўра, халқ фаровонлиги маданий омиллар – дин, этик тамойиллар ва қадриятлар билан белгиланади. Мазкур қараш асосчиларидан бири, немис социологи Макс Веберга кўра, Ғарбий Европада кузатилган саноат тараққиёти реформация ва протестантлик ҳаракати билан боғлиқ. «Лотин Америкаси фаровонликка юз тутмайди, чунки улар эртага қилиш мумкин бўлган ишни бугун қилиш керак эмас, деган принципга асосланишади», дейди Вебер.