Ўзбекистон | 15:40 / 06.09.2020
2963
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекгидроэнерго»: Оқсу дарёсида ОТБ билан ҳамкорликда янги ГЭСлар қурилади

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати Оқсу дарёсида 3та ГЭС қуриш учун Осиё тараққиёт банкидан 60 млн доллар кредит олинаётгани ҳақида хабар берди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президентининг «2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги 2017 йил 2 майдаги қарори ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 2020 йил 9 январидаги қарорларини ижро этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчиллик билан кўпайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ва республика аҳолисининг электр энергиясига бўлган талабни тўлақонли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида «Барқарор гидроэнергетика» лойиҳаси доирасида Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш учун 25 йил муддатга 60,0 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди.

Мазкур ГЭСлар қурилишига жалб этилган кредит маблағлари ҳисобидан лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида тендер савдолари асосида танлаб олинган бош пудратчи молиялаштирилади.

Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослануви Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 июлдаги «Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида экспертизадан ўтказилган.

Умумий қиймати 60,0 млн АҚШ долларига тенг Рабат ГЭС, Чаппасуй ГЭС ва Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномасига мувофиқ, қурилиш ва монтаж ишлари учун жалб қилинаётган кредитнинг 21,6 млн АҚШ доллари, машина ва ускуналари учун 23,6 млн АҚШ долларига тенг қисмидан фойдаланилади. Кредитнинг қолган маблағлари лойиҳани бошқариш ва салоҳиятини ошириш, лойиҳа олди харажатлари ҳамда юқори кучланиш тармоғи учун фойдаланилади.

Ушбу янги ГЭСларни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Янги ГЭСларнинг умумий ўрнатилган қуввати 24 МВтни ташкил этади: Рабат ГЭС – 6,2 МВт, Чаппасуй ГЭС–7,5 МВт, Тамшуш ГЭС–10,3 МВт.

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши – 97,5 млн. кВт/соат арзон ва экологик соф электроэнергия ишлаб чиқарилиши ҳамда янги ГЭСларда 40дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш, мамлакат энергетика балансида гидроэнергетика улушининг ўсиши ва ёқилғи ресурсларини тежаш, тобора ошиб бораётган электроэнергияга бўлган талабни қондириш имконини беради.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан замонавий технологияларга асосланган «Лойиҳалар фабрикаси» механизмини жорий қилган ҳолда янгидан янги лойиҳаларни узлуксиз ишлаб чиқарилиши ҳамда бу борадаги кўламли ишлар Инвестиция дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда жамият томонидан жорий йилда «лойиҳалар фабрикаси» бўйича дастлабки умумий қиймати 1,57 млрд долларга тенг, қуввати 907,5 МВт бўлган 23та инвестиция лойиҳаси тайёрланмоқда, шундан қиймати 1,37 млрд долларлик 14та лойиҳа доирасида 637,25 МВт янги қувватлар яратилади ва қиймати 190 млн долларлик 9та лойиҳа доирасида 270,3 МВт қувватлар модернизация қилинади.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида ҳам карантин талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда аҳолига узлуксиз арзон электр энергиясини етказиб бериш борасидаги фаолиятини жадаллик билан олиб бориб, шу йилнинг ўтган 7 ойи давомида, умумий қуввати 22,4 МВт бўлган Шаҳрихон ГЭСлар каскади Жанубий Фарғона канали ГЭС-2 ва Қодирия ГЭСлар каскади ГЭС-3нинг модернизацияси лойиҳаларини якунлаб фойдаланишга топширди.

Йил якунига қадар қуввати 95,9 МВт га тенг қўшимча 4та лойиҳани, яъни Қамчиқ ГЭС ва Зарчоб кичик ГЭСлар каскади ГЭС–1 қурилиши ҳамда Тошкент ГЭСлар каскади ГЭС-9 ва Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади ГЭС-14 модернизациясини якунлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, йил давомида фойдаланишга топширилган лойиҳалар сони 6тага, қўшимча қувватлар ҳажми 118,3 МВт га ва яратилган янги иш ўринлари сони 100тага етказилади.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ
Ахборот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид