Жамият | 19:51 / 06.09.2020
17011
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда имтиҳонга телефон олиб кирмоқчи бўлган ҳамшира аниқланди

Пандемия сабабли стадион ва хиёбонларда ўтказилаётган кириш имтиҳонлари давом этмоқда. Тест ҳудудлари 2 сентябрдан буён гавжум. Kun.uz мухбири 5 сентябрь куни «Пахтакор» стадиони ва Миллий боғда ўтказилаётган тест жараёнларини кузатди.

Маълум бўлишича, Миллий боғдаги имтиҳонга жалб этилган ҳамшира телефон олиб киришга уринган.

Тошкент шаҳар ИИББ вакили Лобар Раҳмонованинг айтишича, биринчи смена тест жараёнига кириш давомида 33-сонли оилавий поликлиника ҳамшираси текширилганда дори қутисида телефон аппарати борлиги аниқланган. Унга нисбатан далолатнома тузилиб, тест жараёнидан четлатилган.

Шунингдек, имтиҳонга кечикиб келган абитуриентлар ҳам тест жараёнига киритилмади. ДТМ вакили Низомиддин Очилов ҳолатга изоҳ берди.

«Aгар иккинчи смена бўлса, абитуриент соат 16:00га қадар назорат пунктларига паспорти ва рухсатномаси билан етиб келиши керак. Бу ҳақида абитуриент рухсатномасида ҳам эслатиб ўтилган. Биз ҳозирги пандемия шароитини ҳисобга олиб, тестга киритиш жараёнини 17:05гача амалга оширмоқдамиз. Ундан сўнг тест синовларига махсус видео тасвирлари орқали ўтиш имконияти мавжуд бўлмагани учун кечиккан абитуриентларни тест синовларига киритолмаймиз», – деди у.

Маълум қилинишича, кечиккан абитуриентга иккинчи бор имконият берилмайди. Бундай имконият берилиши учун раҳбариятдан тегишли кўрсатма бўлиши кераклиги айтилди. Ёки Давлат қабул комиссияси томонидан махсус қарор асосида ДТМга топшириқ берилса, Давлат тест маркази бу вазифани бажариши мумкин.

Кечикканлар учун алоҳида тест ташкиллаштириш амалиётда бўлганми? Низомиддин Очилов бу саволимизга ҳа дея жавоб берди.

«Aмалиётда бўлган. Aгар абитуриент маълум бир асосли сабабларга кўра қатнаша олмаса, бунақа абитуриентларга тест жараёнларини ташкил қилганмиз. Aммо абитуриент ўзига юклатилган вазифани бажармаса, уларга тест жараёни қайта ташкил қилинмайди», – дейди ДТМ вакили.

Мавзуга оид